Ўзбекистонда бир қатор оилалар кўплаб бизнесларни бошқаради, уларга эгалик қилиши ва ўз таъсирини ўтказиши натижасида юзага келган қонунбузарлик учун ўша оиланинг аъзолари фаолиятини ҳам ўрганиш зарур. Бу борада Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари — ижрочи директори Иномжон Тоғаев Amerika Ovozi (VoA)га берган интервьюсида ўз фикрларини билдирди. Унинг айтишича, қонун бузилиш ҳолатларида «оилани ўрганиш ҳам тўғри».

Шу билан бирга, у «танганинг иккинчи томони бор"лигига ҳам эътибор қаратган.

«Яқинда ҳам шунақа материаллар чиқди, буни бевосита Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам ўрганди. Манфаатлар тўқнашуви деган нарса бор. Лекин танганинг иккинчи тарафига эътибор қаратиш керак. Маълум бир раҳбарнинг ўғли тадбиркорлик билан шуғулланиши, бизнес қилиши мумкин эмас, деган қоиданинг ўзи йўқ», — дейди Тоғаев.

Истеъмолчилар федерацияси раиси ўринбосари йиллар давомида отаси амалдор бўлган фарзандлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлай олмаганини айтди. У бу бўйича ёзилмаган қоидалар мавжуд бўлгани ҳақида гапирди.

«Йиллар давомида шундай бўлганки, катта бир амалдор, раҳбар инсоннинг ўғли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлай олмаган. Конституциявий қоида бор: ота учун фарзанд, фарзанд учун ота жавоб бермайди. Лекин бизда ёзилмаган қоидалар бўлар эди. Масалан, йиллар давомида ўзимнинг курсдошларим отаси амалдор эканлиги сабаб ишга жойлаша олмасди. Билимли, малакали мутахассислар шунинг учун ҳам хорижга чиқиб кетишган. Бу нарсани нормал ҳолат деб қабул қилмайман», — деди Иномжон Тоғаев.

Унинг айтишича, ҳозирги кунда «бу ёзилмаган қоида олиб ташланди».