Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркель 12 март куни видеоанжуман шаклида учрашув ўтказади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Унда икки мамлакат етакчилари кўп қиррали Ўзбекистон-Германия шериклигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишлари кўзда тутилган.

Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш, конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликка доир қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Музокараларда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Германия Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шерикларидан биридир. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш $829 млнни ташкил этган. Ўзбекистонда Германиянинг $700 млндан зиёд инвестициялари ўзлаштирилган ва 200 га яқин қўшма корхона фаолият юритмоқда.