Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари — ижрочи директори Иномжон Тоғаев Америка Овози (VoA)га берган интервьюсида ННТлар ва ҳокимияларнинг ўзаро ҳамкорлигига тўхталиб ўтди.

Унинг айтишича, «муаммони кўтариб чиқаётган одамлар унинг ечимини ҳам ўзи билади».

«Ўзи аслида нодавлат ташкилотлар ҳокимларнинг, маҳаллий давлат идораларининг ўнг қўли ҳисобланади. Сиз бир материал берсангиз буни тўғрилигини билишади. Энг қизиғи, муаммони кўтариб чиқаётган одамлар унинг ечимини ҳам ўзи билади. Тошкентда курсида ўтириб, муаммони, вазиятни билмаслигимиз мумкин, лекин ўша инсонлар яхши билишади. Улардан фойдаланиш керак. Лекин бизда бундай эмас. Бизда „мен раҳбарман, менинг айтганим бўлади“, деган қоида йиллар давомида сақланиб қолган ва бу нарса ўзининг салбий томонини кўрсатяпти», — деди Тоғаев.

Шунингдек, у лоббизм масаласи ҳақида ҳам ўз фикрини билдирди.

«Мен бу механизм бор, деб айта олмайман. Ёлғон бўлади бу. Лекин якунига етган йилда бу нарса бошланди. Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Акмал Саидов билан кўп ишлаб, уларга маълумотлар тақдим этганимиздан сўнг, биз билан боғланишди. Улар билан кўпроқ ишламоқчи бўлганимиздан кейин уларнинг назарига тушдик», — деди федерация ижрочи директори.

У «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг маънан эскиргани, янги қонун ўтган йили қабул қилиниши белгилангани, бироқ бу масала ортга суриб келинаётганини айтди.

«Қонун 1996 йилда қабул қилинган ва маънан эскирган. Янги қонун қабул қилиниши 2020 йилги давлат дастурига киритилган, лекин қонун қабул қилинмади. Нимага? Бунга масъул идоралар тез-тез ишламоқчи бўлишган. Бунда жамоатчилик фикри инобатга олинмаган. Катта-катта жамоат ташкилотларининг фикри инобатга олинмагани сабаб қонун мўрт бўлган ва қайтариб юборилган. Биз ҳам қонун лойиҳасини кейин эшитганмиз. Бизда йиллар давомида йиғилган тайёр материаллар бор эди. Кейинроқ бевосита Олий Мажлис биздан шу таклифларни сўради. Бу нарса берилди, балки улар ҳозир банд бўлиши мумкин. Аслида, қонун ижодкорлигида жамоат ташкилотларининг иштироки бўлиши шарт», — дея ўз муносабатини билдирди Тоғаев.

Федерация раиси ўринбосарининг айтишича, «айрим ҳокимлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ўзлари англаб қўллаб-қувватлашади».

«Сиз бирор жойда ўқимаслигингиз, ишламаслигингиз мумкин, лекин сиз яшаяпсиз ва сиз истеъмолчисиз. Ҳамма инсон истеъмолчи. Биз ҳудудларда ҳокимлар билан ишлаймиз. Айрим ҳокимлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ўзлари англаб қўллаб-қувватлашади. Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бир йиғилишда „Мен истеъмолчиман, бугундан бошлаб бу федерацияга ўзим аъзо бўламан“, деб айтганидан сўнг вилоятдаги фаолият алоҳида эътиборга олинди», — деди у.

Аввалроқ, Иномжон Тоғаев амалдорлар ва унинг яқин қариндошлари ўртасидаги манфаатлар тўқнашувига ҳам ўз муносабатини билдирган эди. «Бирор раҳбарнинг ўғли бизнес қилиши мумкин эмас, деган қоиданинг ўзи йўқ», — деди Тоғаев. У «танганинг иккинчи томони бор"лигига эътибор қаратган.