Франция илк бор космосда ҳарбий машғулотларни ўтказмоқда

Франция ҳарбийлари 8 март куни космосда машғулотларни бошладилар, бу мамлакат қуролли кучлари тарихида биринчи марта, дея таъкидланди. Машғулотлар 1965 йилда учирилган биринчи француз сунъий йўлдоши — Asterix хотирасига бағишланган бўлиб, AsterX деб номланди. Ҳарбийлар манёврлар пайтида потенциал хавфли космик объекларини ҳамда ўз сунъий йўлдошига хавф солаётган таҳдидларни кузатиб боради. «Бир қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда ва бизнинг космик инфратузилмамизга қарши инқирозлар ва таҳдидлар мавжуд, лекин бу ҳаммаси эмас», — дея таъкидлади Франция космик кучлари қўмондони Мишель Фридлинг. У машқларни «бизнинг тизимларимиз учун стресс тести» деб атади ва улар «Франция армияси учун биринчи ва ҳатто Европада биринчи» эканлигини таъкидлади. ОAВ хабарларига кўра, машғулотларда AҚШ космик кучлари ва Германия космик агентлиги ҳам иштирок этмоқда. Машғулотлар 12 март кунигача давом этади. ОАВ Франция космик кучлари қўмондонлиги 2019 йилда ташкил этилганини эслатмоқда. 2019 — 2025 йилларда уни молиялаштиришга 5 млрд доллар ажратилиши, ходимлар сони эса 500 кишини ташкил қилиши кераклиги айтилмоқда. — Интерфакс (Франция ОАВга таяниб).

Пентагон раҳбари AҚШ Миллий гвардиясининг Капитолийда қолиш муддатини 23 майга қадар узайтирди

AҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 9 март куни хавфсизликни таъминлаш учун Конгресс ҳудудига Миллий гвардия жангчиларини жойлаштириш муддатини 23 майга қадар узайтирди. Бу ҳақда Пентагон вакили Жон Кирбининг ёзма баёнотида айтилади. Олдинроқ Капитолий полицияси мудофаа вазирлигига қўшинларни жойлаштиришни икки ойдан кўпроқ муддатга узайтириш тўғрисида сўров юборган эди. «Остин Капитолий полициясининг Миллий гвардия қўллаб-қувватловини 2021 йил 23 майгача узайтириш тўғрисидаги илтимосини маъқуллади», — деди вакил. Унга кўра Миллий гвардиянинг 2,3 мингга яқин аскари Конгресс ҳудудида қолади. «Бу ҳозирги кўмакнинг деярли 50 фоизга қисқаришини англатади», деди Кирби. — Пентагон матбуот хизмати.

Таиландда сайёҳларга яхталарда карантиндан ўтишга рухсат берилди

Таиланд ҳукумати чет эллик сайёҳларга яхталарда икки ҳафталик мажбурий карантиндан ўтишга рухсат берди. «Таиландга ташриф буюрган меҳмонлар энди яхтада икки ҳафталик мажбурий карантиндан ўтишлари мумкин. Ушбу рухсат ҳукуматнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб бешдан бирига тўғри келадиган туризм саноатини тиклаш бўйича дастури доирасида белгиланган», — деб ёзади нашр. Январь ойида Таиланд расмийлари чет элликларга гольф клубларида карантиндан ўтишга рухсат беришган эди. Дастур Пхукетда бошланган, у ерда коронавирус учун салбий ПЦР-тести бўлган сайёҳлар яхтада ёки кичик круиз кемасида карантин муддатини ўтказишлари мумкин. Иштирокчилар ҳаётий кўрсаткичларни, шу жумладан ҳарорат, қон босимини ва эгасининг GPS жойлашувини назорат қилувчи ақлли билагузук тақишлари керак бўлади. Қурилма ҳатто денгизда ҳам 10 км радиусда маълумот узатиши мумкин. — Nikkei Asia.

Молдовада президент қароргоҳининг харажатлари икки баравар камайтирилади

Молдова президенти маъмурияти раҳбарнинг мамлакатдаги қароргоҳининг харажатларини икки баравар камайтиришга ваъда берди. Бу ҳақда Президент маъмурияти бош котиби Aндрей Спину айтиб ўтди. 10 март куни у журналистлар учун мамлакат собиқ президенти Игорь Додон тўрт йил яшаган Кондрица қишлоғидаги қароргоҳига экскурсия уюштирди. Ҳозирда у ерда ҳеч ким яшамаяпти. Спину маълумотларига кўра, 2020 йилда бюджетдан 2,6 млн лей (тахминан 150 минг доллар) миқдорида қароргоҳ учун маблағ ажратилган. 2021 йилда 2,3 млн лей (тахминан 135 минг доллар) маблағ сарфланиши кўзда тутилган, аммо маъмурият харажатларни қайта кўриб чиқишни ва уларни 50 фоизга камайтиришни режалаштирмоқда. Спину баъзи харажатларни самарасиз деб ҳисоблайди. Масалан, унинг сўзларига кўра, ўтган йили тахминан 75 минг лей интернет хизматларига (4,5 минг доллар) сарфланган, яна 50 минг (3 минг доллар) — бассейн учун ажратилган. «Келажакда турар жойдан фойдаланиш бўйича турли хил таклифлар кўриб чиқилмоқда. Уни оилавий зўравонлик қурбонлари маркази ёки маданий тадбирлар учун майдон сифатида ишлатиш вариантлари мавжуд», деди Спину. Унинг таъкидлашича, президент Майя Санду давлат қароргоҳидан воз кечган ва Кишинёв турар жойидаги икки хонали квартирасида яшашни танлаган. Бир кун олдин телеканаллардан бирида нутқ сўзлаган Додон Кондрицадаги турар жой учун харажатларнинг пасайишини кўрмаётганини айтди. — Интерфакс.

Хакерлар бир нечта мамлакатларнинг 150 мингта кузатув камераларига бузиб кирди

Bloomberg хабарига кўра, хакерлар шифохоналарда, полиция участкаларида ва айрим компанияларда ўрнатилган 150 мингга яқин кузатув камераларидан олинган маълумотларга эга бўлишди. Гап интернет орқали фойдаланувчилар томонидан бошқарилиши мумкин бўлган Verkada камералари ҳақида кетмоқда. Aгентликка ўзини хакерлардан бири деб таништирган одам мурожаат қилди. Bloomberg’нинг ёзишича, ҳужум халқаро хакерлар гуруҳи томонидан видеокузатув тизимини бузиш қанчалик осонлигини кўрсатиш учун қилинган. Хусусан, хакерлар Tesla’нинг Шанхайдаги фабрикалари ва омборларидаги 222 камерадан, AҚШ ва Буюк Британиядаги Cloudfare дастурий таъминотининг хавфсизлик камераларига, шунингдек, бир нечта касалхоналар, мактаблар, қамоқхоналар ва полиция участкалари камераларидан маълумот олишди. Verkada вакили «Биз ҳар қандай рухсатсиз киришнинг олдини олиш учун барча ички администраторларнинг маълумотларини ўчириб қўйдик», дея хабар берди нашрга. — Bloomberg.

Болтиқбўйи мамлакатлари Европа Иттифоқини фойдаланилмаган вакциналарни қайта тақсимлашга чақирди

Болтиқбўйи давлатлари инфекция тарқалишининг олдини олиш учун Европа Иттифоқини фойдаланилмайдиган коронавирусга қарши вакциналарни аъзо давлатлар ўртасида қайта тақсимлаш масаласини кўриб чиқишга чақирди. Бу ҳақда 10 март куни Bloomberg Литва, Латвия ва Эстония соғлиқни сақлаш вазирларининг Европа соғлиқни сақлаш комиссари Стелла Кириакидесга ёзган қўшма мактубига асосланиб хабар берди. «Вакциналарни қайта тақсимлаш механизмини жорий этиш орқали эмлаш кампанияларини [ўтказиш] ва аъзо давлатлар ўртасида бирдамликни янада мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз самарадорлигини ошириш ҳақида ўйлаш жуда муҳимдир», дейилади мактубда. Шу билан бирга, вазирларнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда «Европа Иттифоқи мамлакатларига етказиб бериладиган вакциналарнинг фойдаланилмаган ортиқча қисми тўпланиб бормоқда, бу эса ўз навбатида қисқа муддатли дори воситаларининг яроқсиз ҳолатига олиб келиши мумкин». Бундан ташқари, Bloomberg маълумотларига кўра, фуқароларнинг эмлашдан кейин юзага келиши мумкин бўлган ножўя таъсирлардан қўрқишидан баъзи бир дозадаги вакциналар ишлатилмай қолмоқда. «Биз Европа Комиссиясини ажратиш учун имтиёзларни асослаб берадиган ва [дори-дармонларни] энг катта эҳтиёжга эга бўлган аъзо давлатларга етказиб бериш механизмини яратиш бўйича фаол чораларни кўришга чақирамиз», дейилади қўшма баёнотда. — Bloomberg.