Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон президенти Садир Жапаров 11−12 март кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларининг барча йўналишларини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Учрашувнинг кун тартибидан конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш, маданият, соғлиқни сақлаш, таълим ва туризм борасидаги қўшма дастурларни амалга оширишнинг долзарб жиҳатлари ўрин олган.

Давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, икки томонлама муносабатларнинг турли йўналишларига алоқадор қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.