БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси қизлар ва аёллар учун тенг ҳуқуқли келажакни шакллантириш учун уларнинг таълим олиш, ахборотлардан фойдаланиш, салоҳиятларини ошириш, иш билан таъминлаш соҳаларига сармоя киритишга чақирди. Бу ҳақда жамғарманинг Ўзбекистонадаги ваколатхонаси баёнотида айтиб ўтилган.

Халқаро аёллар кунининг бу йилги мавзуси «Аёллар етакчи лавозимларда: COVID-19 дунёсида тенг келажакка эришиш» бўлиб, барча соҳаларда қизлар ва аёлларнинг тенг иштирокини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни назарда тутади.

«Биз бугун етакчи лавозимларда кўраётган аёллар аввал таълим олиш, ресурслардан фойдаланиш ва ишга жойлашиш борасида имкониятларга эга бўлган. Келинг, бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда қизлар ва ёш аёллар учун ана шундай имкониятларни яратайлик», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

ЮНИСЕФ, «Юксалиш» ҳаракати ва Ёшлар иттифоқи томонидан тайёрланган «Ўзбекистон ёшлари: чақириқлар ва истиқболлар» ҳисоботига кўра, Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида таълим олаётган қизлар сони барча талабаларнинг 37 фоизини ташкил этади. Бундан ташқари, иш билан таъминлаш соҳасида ёш аёллар меҳнат бозоридан анча четда.

Ўрта таълим мактабини тугатганидан кейин 19−24 ёшдаги ёшларнинг 56% ўқиш, иш ёки касбий тайёргарлик (NEET) билан қамраб олинмаган. Аёллар учун (NEET) даражаси 18 ёшдан ошганидан кейин тез ўсиб бормоқда (1,7% дан 69,0% гача) ва 25−30 ёшли аёллар учун 74,0% га етади, эркаклар учун эса одатда пастроқ бўлиб (максимал 33,5%), улғайган сари камаймоқда (24,8% гача).

Қизлар ва ёш аёллар Интернет орқали маълумот олишда ҳам тўсиқларга дуч келади. Ҳеч қачон Интернетдан фойдаланмаган 14−30 ёшдаги ёш аёллар сони шу ёшдаги эркакларга нисбатан икки баравар кўп — мос равишда 68,1% ва 34,3%.

Тадқиқотлар, кам таъминланган оилалардаги қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва аёллар олий маълумот олиш учун имтиёзли кредитлар олишини қўллаб-қувватлаш муҳим бўлиб, ўрта муддатли истиқболда жамиятлар янада барқарор ва мустаҳкам бўлишига ёрдам бераётганини кўрсатмоқда.

ЮНИСЕФ давлат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ҳамжамиятлар олий маълумот олиш ҳамда иш билан таъминлаш имкониятларидан тенг фойдаланишни таъминлайдиган платформаларни янада такомиллаштиришга чақириб, қуйидагиларни амалга оширишга чорлайди:

1. Ёш аёлларга алоҳида эътибор берган ҳолда ҳаётий, техник, инновацион ва тадбиркорлик кўникмаларга эга бўлишлари учун расмий ва норасмий таълимни кучайтириш.

2. Хотин-қизларнинг иқтисодий, сиёсий ва жамоат соҳаларидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш.

3. Қизларни ёш турмушга бериш ва олий маълумот олишга тўсқинлик қилиш сингари салбий ижтимоий меъёрларга барҳам беришга қаратилган кампанияларни ташкил қилиш.