Тошкентда 10 ёшли болани зўрлаганликда гумон қилинаётган такси ҳайдовчиси шахсига аниқлик киритилиб, ҳозирда у қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, гумондор 47 ёшли Ғ.Д. эканлиги маълум бўлди.

«Ҳозирги кунда у ушланган ва унга нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан айб эълон қилиниб, суд томонидан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган», дейилади хабарда.

Kun.uz`нинг ёзишича, фуқаро Б.Ж.нинг ўғли 28 февраль куни Чилонзор туманидаги уйидан амакисининг уйига бориш учун қора рангли «Нексия-3» русумли таксига чиққан.

Машинада ҳайдовчидан ташқари яна бир йўловчи ҳам бўлади. Ҳайдовчи бу йўловчини Чилонзор туманида тушириб қолдиради, кейин яна бир аёл йўловчини олади. Бу вақт оралиғида мурожаатчининг ўғли ҳам машинада бўлган.

«11 ёшли ўғлим ҳайдовчидан Чилонзор туманининг 20-мавзесига олиб бориб қўйишни сўрайди. Лекин ҳайдовчи дастлаб машинасига олган аёл йўловчини «Абу сахий» бозорига ташлаб қўйишини айтиб, боламни ўзи билан олиб кетади. Таксичи аёлни бозор атрофида туширгач, ўғлим билан машинада ёлғиз қолади. Шундан сўнг у боламни алдаб, овлоқроқ жойга олиб боради. Ўша жойда машинам бузилиб қолди, деб тўхтаб эшикларни қулфлайди ва орқа тарафга, боламнинг олдига ўтади.

Ўғлимга: «Сир сақлашни биласанми?» дейди ва шимини ечиб, боламга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар қила бошлайди. Ўғлим қўрқиб, йиғлаб қаршилик қилишни бошлаганда, ҳайдовчи «ишини» тўхтатиб, уни айтилган манзилга олиб бориб қўйган ва бу ҳақда ҳеч кимга айтма, деб тайинлаган" — дея сўзлаб берган боланинг отаси.

Ҳайдовчи болани «Убай ибн Кааб» масжиди (собиқ «Илон ота») яқинидаги кўп қаватли уйлар олдида қолдирган. Ҳолат билан шуғулланган Чилонзор туман ИИБ масжид ташқарисига ўрнатилган камералар ёрдамида болани ташлаб кетган машинага ўхшаш иккита қора рангли «Нексия-3» автомобилини аниқлаган.

Бироқ тахмин қилинган ҳар иккала автомобилнинг эгалари расми болага кўрсатилганда, бола ҳайдовчи улар эмаслигини айтади. Айни вазиятда автомобиллар эгалари ўз машиналарини ишончнома асосида бошқа шахсларга берган бўлиши мумкинлиги истисно этилмаяпти.

Боланинг отаси таҳририятга мурожаат қилиб, ИИБ ходимлари ҳолатни ўрганишни пайсалга солаётганидан норозилигини билдирган эди.

Шундан сўнг, пойтахт ИИББ «вазиятдан хабардор ва иш боришини ўз назоратига олган"ини маълум қилган эди. Такси ҳайдовчисига нисбатан ЖКнинг 129-моддаси 1-қисми (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорни қидириш ишлари бошланган эди.