Ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент вилояти Қибрай тумани «Ўнгқўрғон» маҳалласидаги фермер хўжаликлари ўртасидан ўтган ариқдан ҳар куни икки маҳал қон оқиши ҳақидаги янгилик юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлиги расмий баёнот берди.

Ўрганишлар натижасига кўра, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ҳамда муаммони ҳал этиш учун «Обод Савдо Бизнес» МЧЖ раҳбариятига 5 кун муддат берилди. Аввалроқ, мазкур масалага «Rost24.uz» эътибор қаратган эди.

Мазкур масала юзасидан 10 га яқин масъул такшилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

Натижада «Обод Савдо Бизнес» МЧЖ (раҳбари К.Зайнитдинов)га қарашли қушхонадан ҳосил бўлган оқова сувлар ариққа оқизилгани маълум бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан корхона 2021 йил 26 февраль куни ҳам Давлат экология қўмитасининг Қибрай тумани инспекцияси томонидан ҳам огоҳлантирилган бўлган.

«Ваҳоланки, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 19-моддаси, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги қонуннинг 18-, 19-, 99-моддалари талаблари бузилган. Бунинг оқибатида масъуллар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 72-моддаси 1-қисми (Сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортишига сабаб бўлади», дейилади баёнотда.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги.

Корхона бинолари 2014 йилда «Нур Фаррух» фермер хўжалигидан «Обод Савдо Бизнес» МЧЖ таасаруфига ўтган ва Қибрай тумани ҳокимининг 2014 йил 9 декабрдаги 2494-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу ихтисослашган сўйиш корхонаси 2018 йил ишга туширилган, лекин ҳужжатлар кўздан кечирилганда, айнан ихтисослашган сўйиш корхонаси учун тегишли ташкилотларнинг хулосалари мавжудлиги тақдим қилинмаган.

Оқова сувлар ва кушхона ҳудудидан чиқаётган оқовалар учун қилинган ўралар гидроизоляцияланган (бетондан ясалган) бўлиб, лекин оқоваларни йиғмасдан аксинча оқовалар далага ва зах ариққа туширилган.

Оқова сувларни ўрадан тортиб олиб кетилиши учун шартнома тузилмаган, маиший чиқиндиларни олиб кетиш учун ҳам «Тоза ҳудуд» билан шартнома мавжуд эмас. Қушхона худуди орқа томони дала қисмига кушхонани ювиш вақтида чиққан қон аралаш сувлар ва сўйилган мол ошқозонидан чиққан ем озуқа қолдиқлари бинонинг орқа дала қисмига чиқарилиш оқибатида тартибсиз ҳолатга келиб қолган.

Натижада «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги қонуннинг 16-моддаси бузилган. Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 27 июлдаги ихтисослашган сўйиш корхоналарига нисбатан вақтинчалик ветеринария санитария қоида ва меъёрларини тасдиқлаш ҳақидаги 25-сонли қарори талаблари бузилган.

Вилоят ҳамда туман СЭО ва ЖСБ мутахассислари тамонидан ушбу аниқланган ҳолат ва тартиббузарликларни зудлик билан бартараф қилиш чораларини кўриш, қушхонадан чиқаётган оқовалар учун махсус гидроизоляцияланган ўра қурилиши назоратга олинди.

«Ҳозирги кунда юқоридаги камчиликларни бартараф этиш учун кўрсатмалар берилиб, қушхонадан чиқадиган оқова сувларни зах ариққа оқизилиши тўхтатилди. Ўрнатилган қувурлар ковлаб олинди. Камчиликларни 5 кун муддат ичида бартараф этиш бўйича корхона раҳбаридан тушунтириш хати олинди», дейилади хабарда.

Қибрай туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан корхона томонидан атроф-муҳитга етказилган зарар ҳисобланиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилиши маълум қилинди.