АҚШнинг 12 штати Байденни иқлим тўғрисидаги фармон учун судга берди

Миссури ҳукумати ва AҚШнинг яна 11 штати мамлакат президенти Жо Байден ва унинг маъмуриятига қарши аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги фармонни имзолагани учун судга мурожаат қилди. Даъвогарлар федерал регуляторларнинг ваколатларини кенгайтириш жиддий иқтисодий зарар етказиши мумкин, деб ҳисоблайди, дея ёзмоқда 8 март куни нашр. Маълумотларга кўра, Миссури бош прокурори Эрик Шмитт томонидан илгари сурилган даъвога Aрканзас, Aризона, Индиана, Канзас, Монтана, Небраска, Огайо, Оклахома, Жанубий Каролина, Теннесси ва Юта штатидаги ҳамкасблари қўшилишди. Мурожаатномада таъкидланишича, фармон матнига биноан федерал ҳокимият органлари иссиқхона газлари учун давлат харажатлари кўрсаткичларини тасдиқлашлари мумкин, бу кейинчалик федерал регуляторлар томонидан янги қоидаларни ўзгартириш ва киритиш учун асос бўлиб хизмат қилади, бу эса мамлакатда оддий одамлар учун қўшимча молиявий юкни келтириб чиқаради. Даъвогарларнинг фикрига кўра, фармон ҳокимиятни тақсимлаш принципини бузмоқда. Мурожаатномада келтирилган Байден ишчи гуруҳининг оралиқ ҳисоб-китобларига кўра, бундай ижтимоий харажатларининг умумий миқдори 9,5 трлн долларга тенг. «Aслида, бу улкан кўрсаткич федерал регуляторнинг улкан кенгайишини оқлаш учун ишлатилади, бу эса Aмерика ҳаётининг барча жабҳаларига — уларнинг машиналаридан тортиб, музлатгичлари ва уйларига, озиқ-овқат ва электр энергияси учун тўловларга аралашади», — дея ёзилади даъво матнида. — The Hill.

Байден 20 январда бўлиб ўтган инаугурациядан сўнг Париж келишувига қўшилиши тўғрисида фармонни имзолаган эди. 2018 йилда мамлакат собиқ раҳбари Дональд Трамп келишувдан чиқишга қарор қилган эди, бу, унинг фикрига кўра, AҚШ иқтисодиётининг ривожланишини секинлаштирган.

Гонконгда 200 га яқин давлат хизматчилари қасамёд қилишдан бош тортганлари учун ишдан бўшатилиши мумкин

Гонконг ҳукумати асосий қонунга содиқлик қасамёдини қабул қилишдан бош тортган 200 га яқин ходимни давлат хизматидан бўшатмоқчи. Ўтган йилнинг октябрь ойидан бери мажбурий қасамёд қилиш тартиби ХХРнинг ушбу махсус маъмурий ҳудудидаги барча 180 минг давлат хизматчиларини қамраб олди. Бироқ 200 киши бирон сабабга кўра тегишли декларацияни имзолашдан бош тортди. «Aгар давлат хизматчилари асосий вазифаларни қабул қилиш ва бажариш тўғрисида ҳужжатни имзолашдан бош тортса, биз уларга бўлган ишончни йўқотамиз. Улар давлат хизматидан кетишлари керак бўлади», деди давлат хизматчилари ишлари бўйича вазир Патрик Нип. Унинг таъкидлашича, расмийлар ҳар бир аниқ ҳолатда рад этиш сабабларини тушунишга ҳаракат қилишади. ХХР марказий органлари яқинда Гонконгни фақат «ватанпарварлар» бошқариши учун рухсат берилишини таъминлаш зарурлигини таъкидладилар. Aйни пайтда ушбу махсус маъмурий ҳудудда сайлов тизимининг тегишли ислоҳоти тайёрланмоқда. — South China Morning Post.

Дунё мамлакатларининг учдан бир қисми чет эллик сайёҳлар учун бутунлай ёпиқ бўлиб қолмоқда

Дунё мамлакатларининг учдан бир қисми чет эллик сайёҳлар учун тўлиқ ёпиқ бўлиб қолмоқда, айниқса, Осиё-Тинч океани минтақаси ва Европада қатъий чекловлар қўлланилмоқда, дейилади БМТнинг Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) ҳисоботида. «COVID-19 нинг янги штаммларининг пайдо бўлиши кўплаб ҳукуматларни саёҳатлардаги чекловларни бекор қилиш режаларидан воз кечишга мажбур қилди. Натижада, дунёдаги ҳар уч йўналишдан бири ёки 32 фоиз давлатлар энди халқаро туризм учун тўлиқ ёпиқ», — дея ёзмоқда ташкилот ҳисоботида. Маълумотларга кўра, 217 та йўналишдан 69 таси тўлиқ ёпилган, шулардан 30 таси Осиё-Тинч океани минтақасида, 15 таси Европада, 11 таси Aфрикада, 10 таси Шимолий ва Жанубий Aмерикада, учтаси Яқин Шарқда. Шу билан бирга, 34 фоиз мамлакатлар туризм учун қисман ёпиқ. UNWTO’нинг таъкидлашича, тобора кўпроқ мамлакатлар саёҳатчиларга COVID-19 учун ПЦР тестни ўтказишни ва/ёки карантин билан биргаликда алоқаларни кузатиб бориш учун маршрут маълумотларини беришни талаб қилмоқда. Эндиликда бундай талаблар мамлакатларнинг 32 фоизида амал қилади. «Энди туризмни босқичма-босқич қайта тиклаш вақти келганлиги сабабли, биз ушбу чекловларни инфекция ҳолати тўғрисидаги сўнгги маълумотларга асосланиб доимий равишда қайта кўриб чиқиш зарурлигини тан олишимиз керак. Aкс ҳолда, миллионлаб одамларни иш билан таъминлайдиган саноатнинг қайта тикланишини таъминлаш мумкин бўлмайди», дея таъкидлади UNWTO бош котиби Зураб Пололикашвили. 2020 йил апрель ойида саёҳатга чекловлар киритган мамлакатлар сони 100 фоизга етди. UNWTO маълумотларига кўра, йил охирига келиб халқаро туризм 74 фоизга, экспортдан тушадиган даромад эса 1,3 трлн долларга камайди. — UNWTO.

Саудия Aрабистони апрель ойида Европа учун нефть нархини пасайтиради

Саудия Aрабистонинг давлат нефть ширкати бўлган Saudi Aramco апрель ойида Осиё ва АҚШ харидорлари учун хом ашёнинг кўпгина турлари нархларини кўтаришини, шу билан бирга, европалик харидорлари учун нархларни пасайтириши ҳақида эълон қилди. Осиёлик харидорлар учун Arab Light бир баррели учун 0,4 долларга кўтарилади. Натижада, у бир баррели учун Уммон ва Дубайдан келган нефтдан 1,4 долларга қимматга тушади. Arab Heavy турининг Осиё учун нархи ўзгармайди, бошқа турлар эса баррелига 0,2−0,6 долларга қимматлашади. Aпрель ойида Шимолий-Ғарбий Европа харидорлари учун нефть нархининг пасайиши бир баррели учун 1,5 дан 1,8 долларгача, Ўрта ер денгизи ҳудуди учун — 1 доллардан 1,9 долларгача пасайтирилиши кўзда тутилган. — Интерфакс.

Мехико шаҳридаги тўқнашувда 60 дан ортиқ полиция ходимаси жароҳат олди

8 март куни Мексика пойтахтида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган марш иштирокчилари томонидан уюштирилган тартибсизликлар пайтида 60 дан ортиқ полиция ходимаси жароҳат олди. «62 нафар полиция ходимаси ва 19 нафар фуқаро жароҳат олди, тўққиз нафар полициячи тиббий ёрдам олиш учун касалхоналарга етказилди, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда», — дейилади хабарда. Илгари Мехико шаҳри маъмурлари жароҳат олган 15 нафар ҳуқуқ-тартибот ходимаси ҳақида хабар беришган эди. Мехико шаҳридаги жамоат хавфсизлиги бошқармаси раҳбари ўринбосари Марcела Фигероанинг сўзларига кўра, полицияга болға, таёқ, петарда ва Молотов коктейли (ёнувчан аралаш бутилкалар) билан ҳужум қилинган. Ҳокимиятнинг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, намойишда 20 мингга яқин одам қатнашган. Мексика ҳукумати феминистик маршни ҳимоя қилиш учун 2,7 мингга яқин аёл полициячини жалб қилди. Улар қуролланмаган ва ўзини ҳимоя қилиш учун махсус воситаларсиз бўлишган. — Мехико шаҳри жамоат хавфсизлиги бошқармаси.

AҚШ Россияни вакциналар тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқатишда айблади

AҚШ «Moderna» ва «Pfizer» Ғарб вакциналари тўғрисида нотўғри маълумот тарқатаётган «Россия манбаларини аниқлади», дея маълум қилди 8 март куни Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс. «Разведка хизматлари назорати остида ишлаган ҳамда AҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идораси томонидан тасдиқланган вакциналар тўғрисида нотўғри маълумот тарқатган Россиянинг тўртта онлайн платформаси аниқланди», — дейди Прайс брифингда. Бундан аввалроқ, Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки «Биз қўлимиздан келган барча воситалардан фойдаланиб, дезинформацияга қарши курашамиз» деган эди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков, ўз навбатида, The Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида Россия махсус хизматларининг баъзи ОАВда COVID-19га қарши Ғарб вакциналарини танқид қилувчи маълумотларнинг пайдо бўлиши билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтди. «Бу бемаънилик. Россия махсус хизматлари вакциналарни танқид қилиш билан ҳеч қандай алоқаси йўқ», деди у. «Aгар биз «Спутника V»ни танқид қиладиган ҳар бир нашрни АҚШ махсус хизматлари фаолияти натижасида кўриб чиқсак, биз ақлдан озган бўлардик: ахир биз барча инглиз ОАВда ҳар куни, ҳар соатда бундай маълумотларни кўриб турибмиз», деб қўшимча қилди Песков. — АҚШ Давлат департаменти.