Ўзбекистон мамлакатдаги 17 миллиондан ортиқ хотин-қизлар учун имкониятларни кенгайтириш бўйича сезиларли ютуқларга эришди. Шу билан бирга, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш учун тегишли давлат сиёсати доирасида қўшимча чора-тадбирлар зарур. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, COVID-19 пандемияси аёлларнинг саломатлиги, хавфсизлиги ва иқтисодий фаровонлиги учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқарди, дейилади Жаҳон банкининг экспертлари Одри Сакс ва Уильям Зейц мақолаларида.

2020 йил бошида COVID-19 фақатгина соғлиқни сақлаш соҳаси учун фавқулодда ҳолат бўлиб қолмаслиги аниқ бўлди. Вирус жуда тез вақт ичида дунё иқтисодиёти ва аҳолисига мисли кўрилмаган зарар етказди. Пандемиянинг дастлабки босқичларидаёқ, бу инқироз эркаклар ва аёлларга турли хил ҳамда номутаносиб таъсир кўрсатиши бўйича хавотирлар билдирилган.

Вазиятни реал вақтда кузатиб бориш ва таҳлил қилиш инқирознинг гендер жиҳатлари бўйича муҳим маълумотларни тўплашга ва турли мамлакатлар ҳукуматлари томонидан пандемия оқибатларини юмшатиш бўйича чора-тадбирларни кўриш учун тегишли тавсиялар ишлаб чиқишга ёрдам беради.

2018 йилдан буён «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган «Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» (ЎФТ) лойиҳаси ҳар ой барча ҳудудлардаги жами 4000 уй хўжаликларидан бўлган респондентларнинг фикрлари ва фаровонлигини таҳлил қилиш учун сўровномалар ўтказади. 2020 йил март ойида мамлакат миқёсидаги биринчи карантин чоралари киритилганидан кейин, сўровнома пандемиянинг фуқаролар ва маҳаллалар саломатлиги ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳолатига таъсирини мониторинг қилиш учун ҳам ишлатила бошланди. Инқироз бошланганидан буён 18,000дан ортиқ сўровномалар ўтказилди, уларнинг натижалари қуйида келтирилган.

ЎФТ тадқиқотлари шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенгсизликнинг мавжудлиги хотин-қизларни COVID-19 пандемияси каби иқтисодий таъсирлар олдида кўпроқ ҳимоясиз қилиб қўяди. Меҳнат фаолияти, чет элдан пул ўтказмалари ва бошқа манбалардан келадиган даромаднинг йўқотилиши, уй юмушларидаги юкнинг ортиши ва оиладаги зўравонлик ҳолатларининг кўпайиши — буларнинг барчаси мамлакатнинг шаҳар ва қишлоқ жойларида кам таъминланган оилалар аёлларининг яшаш шароитлари ва саломатлигига путур етказди.


Ўзбекистонда гендер тенгсизлиги муаммоси, айниқса, бандлик соҳасида сезилади. Аёлларнинг тўланадиган иш фаолиятида бандлиги эркакларга қараганда анча кам. Ўртача олиб қараганда, 2018 йил октябридан 2020 йил декабрига қадар ЎФТ сўровномаларидан олдинги бир ҳафта давомида аёлларнинг атиги 19 фоизи фаол ишлаган. Таққослаш учун, эркакларда бу кўрсаткич 44% га етган. Тўлиқ ишлайдиган аёлларнинг улуши шаҳарларда 34% ни, қишлоқларда 28% ни ташкил этди.

Эркаклар орасида, ўртача, таълим даражасининг юқорилаб бориши билан уларнинг меҳнат бозорида иштирокида ҳам барқарор ўсиш кузатилади. Бироқ, аёлларнинг ишлари иқтисодий фойда келтиришни бошлаши учун улар олдин олий маълумот олишлари керак. Масалан, ўрта мактабни битириш эркаклар учун иш билан таъминланиш эҳтимолини 15 фоизга оширади, аммо аёлларнинг иш билан таъминланиш истиқболларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Оилавий аҳвол ва болани парвариш қилиш бўйича мажбуриятлар ҳам аёлларнинг иш билан таъминланишига таъсир қилади. Турмуш қурган аёлларнинг иш топиш эҳтимоли турмуш қурмаган аёлларга қараганда анча паст. Иш билан бандлик даражаси мос равишда турмуш қурмаган аёлларда 52%ни, турмуш қурганларда эса 36% ни ташкил қилади.

ЎФТнинг 2020 йил ўтказилган раундларидан бирида «нега иш изламаяпсизлар», деган саволга аёлларнинг 43 фоизи бунинг сабаби «уй хўжалигини юритиш» деб жавоб беришган. Ва фақат 7% эркаклар бу сабабни келтирдилар.

COVID-19 пандемияси аёллар бандлиги юқори бўлган тармоқларга салбий таъсир кўрсатди. Улар асосан инқироз сезиларли таъсир кўрсатган иқтисодиётнинг норасмий секторида, мавсумий ва ярим кунлик ишларда меҳнат қилишади. Аёллар озиқ-овқат ва меҳмондўстлик саноатида (52%), чакана савдо (51%), шунингдек, санъат, кўнгил очар ва дам олиш (45%) соҳаларида кенг иштирок этадилар. Пандемия бошланганидан буён ушбу соҳаларда иш жойларининг қисқартирилиши бўйича энг юқори кўрсаткичлар қайд этилди.

Шундай қилиб, Ўзбекистондаги энг катта вакансия ресурси бўлган Olx.uz маълумотларининг таҳлили шуни кўрсатадики, апрель ойида бўш иш ўринлари бўйича янги эълонлар камайганидан сўнг, уларнинг сони 2020 йил охирига келиб аввалги даражага қайтмади. Апрелдан декабргача бўлган даврда бўш иш ўринлари ҳажми ўтган йилга нисбатан энг кам пасайган тармоқлар қуйидагилар: туризм (-51%); гўзаллик, фитнесс ва спорт (-43%); котибият ва маъмурият-хўжалик фаолияти (-36%); маданият ва санъат (-30%); барларда ва ресторанларда ишлаш (-17%). Ушбу соҳалар анъанавий равишда аёллар учун иш ўринлари яратади.


Пандемия даврида иш жойларини йўқотиш ва чет элдан пул ўтказмаларидан тушадиган даромадларнинг камайиши аёллар ва эркаклар бошчилигидаги уй хўжаликларида бир хил даражада кузатилди. Аммо, катта эҳтимол билан, ушбу инқироз, ўртача олганда иқтисодий фаровонлигини қўллаб-қувватлаш манбалари кам бўлган аёллар бошчилигидаги оилаларга катта зарар етказди. Пандемиядан олдин ҳам, аёллар бошчилигидаги оилаларнинг ўртача ойлик даромади эркаклар бошчилигидаги оилаларга қараганда 17% кам эди.

Аёллар бошчилигидаги уй хўжаликлари режалаштирилмаган харажатлар қила олишининг эҳтимоли кам, кўпроқ ҳолларда асосий эҳтиёжларини (озиқ-овқат, транспорт харажатлари, дори-дармон ва ҳоказоларни) қоплаш учун қарз олишади ва коммунал хизматлар учун тўловларни тўлай олмайдилар. 2020 йил декабрь ойида аёллар бошчилигидаги оилаларнинг 42 фоизи 100 минг сўм миқдоридаги кутилмаган харажатларни қоплай олмаслигини билдиришган. Шундай жавоб берган эркаклар бошчилигидаги уй хўжаликларининг улуши 25% ни ташкил этди.

Пандемия бошланишидан олдин, аёллар бошчилигидаги оилалар мунтазам равишда тез-тез озиқ-овқат танқислиги бўлиб туриши ҳақида хабар беришган. 2020 йил апрель ва декабрь ойлари орасида бу тафовут янада ошди. Масалан, аёллар бошчилигидаги уй хўжаликларининг 17 фоизи озиқ-овқат танқислиги ҳақида хабар беришди, эркаклар бошчилигидаги оилаларнинг эса 10 фоизи бундан шикоят қилишган.

2020 йилда, шунингдек, Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик ҳолатлари кўпайган. Пандемия туфайли юзага келган иқтисодий қийинчиликлар билан бир қаторда, аёллар ва қизларга нисбатан жисмоний, психологик, иқтисодий ва жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳам кўпайган.

Мамлакатдаги ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича расмий статистик маълумотлар ҳали ҳам мавжуд эмас. Бироқ, Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2020 йил январь-декабрь ойлари орасида гендерга асосланган зўравонлик қурбонларининг хавфсизлиги ва манфаатларини таъминлаш учун 14,800га яқин ҳимоя ордери берилган. Аёллар ўз оилаларида зўравонликка кўпроқ дуч келишади. 2020 йилда 13230 ҳолатнинг 82%да зўравонлик қилганлар уларнинг эрлари бўлган.

Иқтисодий ва оилавий муаммолар аёллар саломатлигининг ёмонлашишига олиб келди. 2020 йил июлдан декабргача респондент-аёлларнинг 47% ўзларининг руҳий саломатлигини «қониқарли» ёки «ёмон» («яхши», «жуда яхши» ёки «аъло» дан фарқли ўлароқ) деб баҳоладилар. Бундай жавоблар август ойида энг кўп учради, ўшанда аёлларнинг 55% ўзларининг руҳий ҳолатини «қониқарли» ёки «ёмон» деб таърифлаш мумкинлигини айтишган.

Ўзбекистон аҳолисининг ярми ёки 17 миллиондан ортиғи аёллар ва қизлардир. Ушбу кўрсаткични Голландия ёки Эквадор каби мамлакатлар аҳолиси билан таққослаш мумкин. Аёллар пандемиядан кейин мамлакат иқтисодиётини тиклашга улкан ҳисса қўшиши мумкин. Бунинг учун хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этишидаги мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш керак.

Ушбу мақсадга эришиш учун Ўзбекистон ҳукумати изчил сиёсат олиб бормоқда. Шу мақсадда, февраль ойида аёллар ўртасида камбағалликни қисқартириш бўйича бир қатор қўшимча чора-тадбирлар эълон қилинди. Буларга аёллар ўртасида бандлик ва тадбиркорликни ошириш, ижтимоий ёрдам ва соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва олий маълумот олиш имкониятларини кенгайтириш, уй-жой шароитларини ва уларнинг фарзандларига мактабгача таълим соҳасида хизмат кўрсатишни яхшилаш каби режалар киради.

Санаб ўтилган чора-тадбирлар умид бағишлайди, аммо уларнинг муваффақияти тамомила аёлларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари йўлидаги тўсиқларни самарали бартараф этишга қаратилган ҳукумат ва ҳудудлардаги ҳокимиятлар даражасидаги тизимли ишларга боғлиқ бўлади.

Бундай ишларга, шу жумладан, аёлларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари ва лойиҳалари, танлов мезонлари, уларда иштирок этиш имкониятлари ва бошқалар тўғрисида маълумот бериш бўйича кенг кампания киритилиши мумкин.

Ўзбекистон 1991 йилда мустақилликка эришганидан бери энг оғир иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда. Аёллар ва эркаклар орасидаги тенглик пандемия тугаганидан кейин иқтисодиётни тезлик билан тиклаш ҳамда кучли ва фаровон жамият қуриш учун асосий омил сифатида қаралиши керак. Мамлакатнинг барча фуқаролари учун, уларнинг жинсидан қатъи назар, тенг шароит ва имкониятлар яратиш зарур.

Муаллифлар ҳақида

Одри Сакс — Жаҳон банкининг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича катта мутахассиси

Уилям Зейтц — Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги камбағаллик ва тенглик масалалари бўйича дастурлари раҳбари