Шанба куни 8 март — Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тадбир ҳар доимгиданда ўзгача тус ҳамда кўтаринки руҳда ўтди. Бунинг асосий сабаби тадбир дастури оддийлиги ва самимий ташкил этилганида, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.


Тадбирда Ўзбекистон аёллари ва қизларининг мамлакат ҳаётидаги ўрни, аҳамияти ва албатта, бетакрорлигини сўзда эмас, балки амалда кўрсата олиш бўлди. Шу билан бирга, уларнинг барчасига бирдек байрамона кайфият туҳфа этиш бош мақсад. Бунинг исботини «Махсус ракурс» кўрсатувининг навбатдаги сонидан (видео) ҳам кўриш мумкин.


Байрам тадбири анъанавий тарзда форумлар саройида эмас, балки Халқаро конгресс марказида ўтказилди.


Давлат раҳбари иштирокида ўтаётган тадбир бўлишига қарамасдан, айни шу куни қарийб бир йилдан бери инсонлар ўртасида «тўсиққа айланиб қолган» ниқоблар ечилди. Байрам нафислик ва гўзаллик тимсоллари бўлмиш аёлларнинг байрамида йигитлар қўлни кўксига қўйганча, хизматда бўлди.


Президент Шавкат Мирзиёев нутқи давомида аёлларнинг жамиятдаги ўрнидан тортиб, бевосита уларга алоқадор бўлган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Асосийси уларнинг давлат бошқарувидаги ўрни кун сайин ошиб бораётгани, ҳозирда тизимда аёлларнинг улуши 33 фоизни ташкил этаётгани таъкидланди.


Жумладан, 1500 нафарга яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бормоқда. Президент тадбирдаги нутқи давомида асосий эътиборни республиканинг турли туман ва шаҳарларида ҳокимлик лавозимларида 6 нафар аёл ишлаётганига қаратди.


«Мен Наманганга борганда „Қани энди вақт тезроқ ўтса-ю, аёлларнинг ичидан ҳам вилоят ҳокими чиқса жуда миннатдор бўлардим“, дедим» — дея сўзида давом этди Шавкат Мирзиёев.


Давлат раҳбари ўз нутқида нафақат жонбозлик кўрсатган хотин-қизларни, балки энди бутун умрини фарзандларини комил инсон қилиб тарбиялашга сарфлаган, шу орқали жамият ривожига ҳисса қўшаётган оналар ҳам мукофотланишини айтиб ўтди.


Кўп вақт ўтмай, тадбир иштирокчилари бунинг исботига ҳам гувоҳ бўлишди. Президент мукофотларни ўз эгаларига топшириқ вақтида ана шундай оналардан бири Муқаддас Зиёвутдиновани ҳам тадбирклади. Унинг ўғиллари ака-ука Исматуллаевлар Чустдаги майдонда тўқимачилик фабрикасини барпо этиб, 1000 дан ортиқ фуқароларни иш билан таъминлашга ва 9 млн доллардан ортиқ маҳсулотларни экспорт қилишга муваффақ бўлган.


Давлат раҳбари шу куни ҳеч кимни ўзидан узоқ тутмади, аксинча қарийб барчани бағрига босди. Айниқса, бу йилги «Зулфия» мукофоти совриндорлари билан қисқа бўлсада, илиқ суҳбатда бўлди. Улардан бири, қорақалпоғистонлик Гулсанем Ўразбаева бўлди.

Гулсанем Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси ҳисобланади. Ўтган йилнинг октябр ойида президентнинг Тошкент IT паркига ташрифи чоғида давлат раҳбари Гулсанем билан видеоконференция орқали суҳбати вақтида у билан албатта кўришишни ваъда қилган эди.


Президентдан мукофотни олгач, «Газета.uz» мухбири Гулсанем билан суҳбатлашди. У давлат раҳбарига, «сабрсизлик қилиб, ўзим келиб қўйдим» деганини, ўзида йўқ қувончи ва ҳис-ҳаяжони билан ўртоқлашганини айтди. Унинг сўзларига кўра, президент Гулсанемни ўз қизидек эркалаб, «фақат ва фақат олға ҳаракат қилиши ҳамда бунданда юксак марраларни забт этишини» тилаган.

Орден ва медаллар ўз эгаларига топширилгач пезидент тайёрланган столга эмас, балки залдаги меҳмонлар томон ҳаракатланди. У биринчи галда хорижлик меҳмонлар билан кўришди.

ХХР элчиси Цзян Янь президентга ўзбек тилида ўзининг миннатдорчилигини билдириб, ишларига муваффақият тилади. Қолаверса, Ўзбекистон мадҳиясидан парча ўқиб берди.


Кейинроқ эса тадбирга ташриф буюрган аёлларни байрам билан қутлади. Шавкат Мирзиёев стол оралаб меҳмонлар билан кўришар экан, президент билан кўришиш учун келган залдаги меҳмонлардан бирига хавфсизлик ходими яқинлашиш учун изн бермади, бироқ Шавкат Мирзиёев ортга қайрилиб, рухсат беришни буюрди.

У медал олганини айтгач, президент уни «молодец» деб мақтаб, соғлиқ саломатлик тилади ва бошқалар томон ошиқди.

Фото: Видеодан лавҳа.

Шавкат Мирзиёев аёлларни қутлар экан, улар орасида «Мендирман Жалолиддин» тарихий фильмида бош роллардан бирини ижро этган Юлдуз Ражабовага қарата «Кино зўр чиқибди, молодец», деб қўйди. Актриса бу йили «Шуҳрат» медалига сазовор бўлди.

Блогер Азиза Қурбонованинг ёзишича, 49-столда ўтирган аёллар «биз ҳам борсакчи олдиларига» деб шошиб қолишган. Шундан сўнг, президентнинг уларнинг столи томон юра бошлаганини кўришган. Аёллардан бири «3 ойлик чақалоғим билан келганман, дуоларизни олгани» деди. Президент қувониб кетди.


Юлдуз Ражабова. Азиза Қурбонова (чапдан ўнгга).

«Мен бир чеккада тургандим. Секингина: — «Миннатдорман, президент», деб айтдим. Давлат раҳбари: «Иеее, табриклайман», дея қучоқлашиб кўришди. — «Кўрдизми, қандай ишларни бошлаб юбордингиз», — дея ўз таассуротларини сўзлаб берди Азиза Қурбонова.


Давра оралар экан, президент билан кўришишга ошиққанлар, юрт тинчлиги ва фаровонлиги учун дуога қўл очганлар кўп бўлди.


Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёев ушбу кун сабабчилари билан биргаликда байрам концертини томоша қилди.

Шу куни президент Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатига ҳам ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёевнинг пансионат раҳбарига берган илк савол у ерда қандай муаммолар мавжуд эканлиги ҳақида бўлди. Пансионат раҳбари эса дори-дармон масаласи ҳамда ойлик маошлар камлигини айтиб ўтди.


Пансионатда ҳукумат аъзолар, пансионат ходимлари ва унда яшовчи кексалар билан биргаликда мулоқот ҳам бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев йиғилганлардан қандай муаммолар бор эканлигини сўради ҳамда ҳазил аралаш қилиб «Кимда менга қандай таклиф бор? Айтманглар ҳеч қандай муаммони, ҳаммаси зўр деб айтишдими сизларга?» деди Шавкат Мирзиёев.


Касаба уюшмалари федерациясига «Саховат» уйларидаги барча нуронийларни ҳар йили бир марта юртимизнинг энг яхши санаторийларида соғломлаштириш вазифаси топширилди. Давлат раҳбари «Саховат» ва «Мурувват» уйлари ходимларининг фидойилигини, меҳрибонлигини алоҳида таъкидлаб, уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш бўйича кўрсатма берди.