Сўнгги 3 ойда «аёллар дафтари» га киритилган 80 минг нафар хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир аёлларнинг 32 минг нафари иш билан таъминланди, дея Тошкент шаҳридаги «Конгресс-холл»да 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган маросимда президент Шавкат Мирзиёев сўз юритди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада энг қуйи бўғин — маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган, вертикал тизим яратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, кейинги вақтда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги раҳбарияти бошчилигида, Республика ишчи гуруҳи тузилиб, барча ҳудудларда аёлларни қийнаётган муаммолар аниқланди. Ушбу муаммолар бўйича манзилли иш олиб бориш учун, янги тизим — «Аёллар дафтари» жорий этилди. Инқирозгга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан салкам 17 минг нафар хотин-қизга амалий ёрдамлар кўрсатилди.

«Биргина „Ҳар бир оила — тадбиркор“ дастури доирасида 126 мингга яқин аёлларга, имтиёзли кредитлар берилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун қарийб 215 минг оилага 6 трлн сўмдан зиёд кредит маблағлари ажратилди. Қарийб 55 минг нафар хотин-қизлар, тадбиркорлик ва касб-ҳунар марказлари томонидан ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилди. „Беш муҳим ташаббус“ доирасида, чекка-чекка ҳудудларда тикувчилик цехлари ташкил этилиб, 10 минг нафар аёллар бандлиги таъминланди», — деди президент.

Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишига кўра, уй-жой сотиб олиш учун, 1 минг 250 нафар хотин-қизларга, қарийб 22 млрд сўмлик бошланғич бадаллар тўлаб берилди.

«Жорий йилда ҳам ушбу хайрли ишлар давом эттирилади ва бу борада куни-кеча янги Қарорни имзоладим. Унга кўра, жамиятда аёлларимизга бўлган эътиборни энг қуйи бўғингача, маҳаллагача тушириб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими яратилмоқда. Бундан буён, Ўзбекистонда бирор-бир аёл, давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди. Буни хар бир рахбар билиши керак», — деб айтди давлат раҳбари.