МДҲдаги «Энг яхши аэропорт — 2020» танловида Навоий халқаро аэропорти ғолиб бўлди, дея хабар бермоқда «Uzbekistan Airports» АЖ матбуот хизмати.

Ушбу танлов нодавлат ва нотижорат «Аэропорт» ассоциацияси томонидан 30 йилдан бери ўтказиб келинади.

Маълумотга кўра, ҳамдўстлик давлатларидаги барча аэропотлар қатори Навоий халқаро аэропорти 2012 йилдан буён иштирок этиб, жами 8 маротаба мукофот соҳибига айланган.

«Пандемия шароитида қатор мураккабликларнинг мавжудлигига қарамай, йўловчи ва юк ташишда фаоллик кўрсатган, юқори молиявий натижаларга эришган мазкур ҳаво дарвозаси ишчи-ходимларининг меҳнати ҳайъат аъзолари томонидан алоҳида эътироф этилди ва „Аэропорт“ ассоциациясининг фахрий ёрлиғи ҳамда кубоги тантанали равишда топширилди», — дейилади баёнотда.