Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ўтказилаётган давлат тадбирида Ўзбекистонда оилавий ажримларнинг сони ҳамон юқори бўлиб қолаётганини таъкидлади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Кейинги пайтда оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича самарали иш олиб борилмоқда. Буни ажралиш ёқасига келиб қолган 23 мингга яқин оила яраштирилгани, ажримлар сони мингдан зиёдга камайгани ҳам кўрсатиб турибди. Лекин бир аччиқ ҳақиқатни тан олишимиз керак. Бу рақамлар ҳамон юқори бўлиб қолмоқда. Ўтган йили 28 мингдан зиёд оила ажралиб кетгани ҳам фикримизни тасдиқлайди», — деди президент ўз нутқида.

«Авваллари бирор оила ажрашса, маҳаллада дув-дув гап бўларди, бутун маҳалла оёққа турарди. Ажрим — бу катта фожиа. Албатта, барчамизнинг истагимиз, тилагимиз битта: қани энди, юртимизда ажрим деган нохуш ҳолатнинг ўзи бўлмаса… Оилалар пароканда, болалар тирик етим бўлиб, сарсон-саргардон бўлмаса… Мен бир фикрни қайта-қайта айтишдан чарчамайман. Оила — бу меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, 2021 йилда турмуш шароити оғир бўлган аёллар ҳамда ёлғиз онаси қарамоғида ўсган қизларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида бюджетдан 200 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратилади. Бошпанаси бўлмаган аёлларни ижара асосида «ижтимоий уй-жойлар» билан таъминлаш учун яна 211 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга моддий ёрдам бериш ва малакали тиббий ёрдамга муҳтож аёлларни даволашга қўшимча 110 млрд сўм ажратилади. Аёллар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун бюджетдан қўшимча 600 миллиард сўм ажратилади, деди президент.