4 ва 5 март кунлари «Korrespondent» нашридан сўнг, қатор онлайн ОАВлар ва блогерлар Ўзбекистон президентининг куёви Отабек Умаров Жанубий Кореяда даволанаётгани ҳақида хабар беришди.

Хабарда айтилишича, у 13 февраль куни кечқурун «Пушкин» метро бекати яқинидаги Мустақиллик шоҳ кўчасида мотоциклда ЙТҲга учраб, жароҳат олган.

ЙТҲ ҳақида «Газета.uz»га маълум эди, аммо таҳририятнинг президент маъмурияти, ССВ ва Тошкент ИИБга юборган сўровлари жавобсиз қолди. Ҳодиса ҳақида ҳозирча расмий хабарлар берилмаган.

Расмий маълумотларнинг мавжуд эмаслиги фонида, воқеа содир бўлганида жароҳат олган Epica автомобили ҳайдовчисининг ўлими ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ўзини ушбу автомобиль ҳайдовчиси деб таништирган Бобур Маматов «Korrespondent»га берган интервьюсида ушбу маълумотни рад этди. Шунингдек, у ўзи мотоцикл ҳайдовчисини касалхонага олиб борганини айтиб, ўша пайтда у ким эканлигини билмаганлигини таъкидлади.

Мустақиллик шоҳ кўчасида мотоциклларнинг ҳаракати тақиқланган.

Жума куни, депутат Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида, «истаймизми йўқми ҳар қандай ахборот текширилиши билан ўз ҳаққоний қийматига эга», деб ёзди. «Бирор расмий идоранинг маълумоти эълон қилинмагунча турли таҳмин ва фикрларни асос ёҳуд юридик факт сифатида қабул қилиб бўлмайди», — дея таъкидлади депутат.

Расул Кушербаевнинг фикрига кўра, Отабек Умаровнинг соғлиги масаласи сўнгги вақтларда кўпроқ сиёсий қолипга кўчирилмоқда. «Очиғи тушунмаяпман: бир кишининг автоҳалокатга учраши ва даволаниши шунчалар ғайритабиий ходисами. Бу ҳолатга ҳар ким ҳам тушиши мумкин», — дея қўшимча қилиб, Отабек Умаровга соғлиқ тилади.