Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Абдуҳаким Хаджаевни Ўзбекистондаги фармацевтика корхоналаридан бирида Қозоғистоннинг «QazCovid-in» вакцинасини ишлаб чиқариш имкониятини кўриб чиқишга таклиф қилди. Бу ҳақда Spot Kursiv.kz маълумотларига таяниб хабар бермоқда.

Хабарга кўра, Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Эрали Туғжанов ўзбекистонлик ҳамкасбларини Қозоғистоннинг юқори технологик тиббий хизмат кўрсатувчи етакчи тиббиёт марказларига ташриф буюришга, бирламчи тиббий ёрдам муассасалари даражасида ахборот технологияларининг жорий этилиши, шунингдек, фармацевтика ишлаб чиқариши билан танишишга таклиф этди.

«Биз эпидемияга қарши курашда шерикликни фаоллаштиришни, бундай ҳолатларга тезкорлик билан жавоб бериш нуқтаи назаридан самарали ўзаро алоқаларни яратишни, шунингдек, мавжуд эпидемия ҳолати ва уни барқарорлаштириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида доимий маълумот алмашишни йўлга қўйишни таклиф қиламиз» — дейди Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой.