5 март куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари этиб тайинланган элчи Шарлотта Адрианни қабул қилди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Элчи вазирга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди. Вазир ЕИ делегацияси раҳбарини мазкур тайинлов билан табриклади, унга Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муваффақиятлар тилади.

Суҳбат давомида Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича музокаралар жараёнини ижобий баҳолашди.

Бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан «Ўзбекистон-Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши, «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотининг навбатдаги даврасини ўтказиш жадвали, кун тартиби ва ташкилий масалалари кўриб чиқилди.

«2021 йил март ойининг охирига қадар Ўзбекистонга GSP+ мақоми берилишига умид билдирилди», — дейилади хабарда.

ЕИ билан таълим соҳасида, хусусан, янги «Erasmus» дастури орқали яқин ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.