Грузия ҳукумати Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари учун ҳаво чегараларини очди. Бу ҳақда 5 март куни мувофиқлаштириш кенгаши қарор қилди, дея хабар берди мамлакат ҳукумати матбуот хизмати.

Грузияга учиш учун ушбу мамлакат фуқароларидан парвоздан 72 соат узоқ бўлмаган муддат ичида топширилган манфий ПЗР-тест натижалари талаб қилинади. Мамлакатга келганидан уч кун ўтгач, меҳмонлар такроран тест топширишлари керак бўлади.

Шу билан бирга, сайёҳлар учун денгиз ва қуруқлик чегаралари ҳамон ёпиқлигича қолмоқда.

1 мартдан бошлаб Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Украина, Қозоғистон ва Россия фуқаролари ҳам манфий ПЗР-тест натижалари билан Грузияга киришлари мумкин. Аввалроқ, худди шу қоидалар Европа Иттифоқи мамлакатлари, Исроил, Швейцария, Норвегия, АҚШ, Буюк Британия, Қатар, БАА, Баҳрайн, Туркия фуқаролари учун ўрнатилган эди.

Грузияда эпидемиологик вазият яхшилангани сабабли, 1 февралдан мамлакатда мунтазам авиақатновларга бўлган чеклов олиб ташланди. Ушбу чекловлар Грузияда 2020 йил март ойидан бери амал қилаётган эди.