Тошкентда Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан «Аёллар етакчи лавозимларда: COVID-19 пандемияси шароитида тенг ҳуқуқли келажакка эришиш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт Дастури «Газета.uz»га хабар берди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси ҳақида сўз юритди.

«Аёллар дафтари» бўйича 6 млн нафардан ортиқ аёллар билан бевосита суҳбатлар ўтказилди ва оғир аҳволдагилари бу дафтарга киритилди. «Халқ банки»ни «Аёллар банки»га айланди, деб айтишимиз мумкин. Чунки аёлларни қўллаб-қувватлаш шу банк орқали амалга оширилмоқда ва бунинг учун қўшимча 1 трлн сўм маблағ ажратилди. Хорижий ҳамкорларимиз ҳам 2,7 млн доллар миқдорида грант беряпти», — дея таъкидлади у.

Нарбаева қизлар олий таълим билан қамраш масаласига ҳам тўхталди.

«Бу йил эҳтиёжманд оилаларнинг 2 минг нафар қизлари олий таълим муассасаларида бепул ўқитилади, ўтган йили уларнинг сони 950 нафар эди. Бу сонни ошириб бориш масаласи шахсан давлат раҳбари назоратида турибди. Биз олий таълим олувчилар орасида қизларни 50 фоизга етказишга ҳаракат қилишимиз керак», — дея таъкидлади Сенат раиси.