«Ўзавтосаноат» бошқарув раиси ўринбосари Азизбек Шукуров UzAuto Motors компанияси Tahoe, Equinox, Trailblazer ва бошқа хориж автомобилларини импорт қилишда божхона божи тўлаш ёки тўламаслигини айта олмади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Акциз ўтган йили чиққан қарор билан нафақат бизга, ҳаммага — маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларга ҳам бекор қилинган. ҚҚС 100 фоиз тўланади. Давлат божини тўлаш ёки тўламаслигимизни ҳозир айта олмайман. Лекин мен шуни айтиб ўтишим мумкинки, UzAuto Motors мавжуд қонун доирасида фаолият олиб боради. Акс ҳолда биз бу ерда ўтирмаган бўлар эдик», — деди у.

«Ўзавтосаноат» бошқарув раиси ўринбосари Азизбек Шукуров.

Журналистларнинг «ҳозир амалда компания учун ҳеч қандай имтиёзлар йўқми?», деган саволига «Ўзавтосаноат» вакили «йўқ», деб жавоб берди.

UzAuto Motors бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Рустам Ражабовнинг айтишича, СТ-1 сертификатига эга бўлган Lada, Hyundai ва бошқа Россиядан келтирилаётган автомобиллар «UzAuto Motors билан бир хил шартларда ва ҳеч қандай бож тўламайди».

«Улар нима тўласа, биз ҳам шуни тўлаймиз», — дея қўшимча қилди у.

UzAuto Motors бош директори в.в.б. Рустам Ражабов.

Таъкидлаш жоиз, автомобиль эркин савдо зонаси тўғрисида шартнома тузилган мамлакатда (Россия, Украина, Қозоғистон ва бошқа МДҲ давлатлари) ишлаб чиқарилган, автомобилнинг келиб чиқиши эса СТ-1 сертификати билан тасдиқланса, божхона божи ундирилмайди. Агар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси 50%дан ортиқ бўлса ва тўлиқ цикл бўйича йиғилса, СТ-1 сертификати ишлаб чиқарувчи завод ёки экспортчи мамлакатнинг Савдо-саноат палатаси томонидан берилади.

Chevrolet Tahoe, Equinox, Trailblazer и бошқаларга мазкур тартиб амал қилмайди. Мисол учун, Trailblazer — Таиланддан, Tracker — Хитойдан олиб келинади. Equinox машинаси ҳам Хитойдан олиб келинган.

Аввалроқ, Азизбек Шукуров қимматбаҳо — Equinox, Malibu ва Tahoe — автомобилларидан тушган даромад арзон — Spark ва Nexia моделларидан тушган зарарни қоплайди, дея маълум қилган эди.

Ноябрь ойида депутатлар Давлат божхона қўмитаси ва Молия вазирлигига автомобилларни импорт қилишдаги бож ва утилизация йиғими бўйича UzAuto Motors компанияси ҳамда Жиззах автомобиль заводига берилган имтиёзлар тўғрисида сўров юборган эди. ДСҚ тақдим этган маълумотлар махфий, яъни фақат танишиш ва уни жамоатчиликка ошкор этмаслик шарти билан берилган бўлиб чиқди.