Умумтаълим фанларидан билимни баҳолаш бўйича миллий тест тизимини йўлга қўйиш масалалари сешанба куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда муҳокама қилинди. Олдинроқ ёзганимиздек, 2021 йилнинг ўзидан умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида сертификатга эга бўлган абитуриентга ОТМга кириш тест синовларида ушбу фандан озод қилинади.

Октябрь ойида ҳукумат томонидан тасдиқланган тартибга кўра, биринчи босқичда (1 декабрдан) — она тили ва адабиёт (ўзбек, рус ва қорақалпоқ тиллари учун) ҳамда математика, иккинчи босқичда (1 февралдан) — кимё ва биология ҳамда учинчи босқичда (2022−2024 йиллар) — физика, география, тарих фанларидан тест тизими жорий қилинади.

Она тили ва адабиёт ҳамда математика фанларидан тест топшириш учун 3608 киши рўйхатдан ўтган ва улар учун тест синовлари апрел ойида бўлиб ўтади. 3 мартдан кимё ва биология фанларидан тестга рўйхатга олиш бошланади ва май ойида бу фанлардан тестлар ташкил қилинади.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсиновнинг таъкидлашича, мактабларда ўқувчиларнинг креатив фикрлашини ривожлантиришга қаратилган ёндашувлар жорий қилинаётган бўлишига қарамасдан, олий таълимга саралашда асосан хотирани текширадиган тестлардан фойдаланилмоқда. Бу ҳолат салбий «washback» эффектига олиб келмоқда.

Жорий қилинаётган миллий тест тизими шу муаммони ҳал қилишга қаратилган, чунки бу тизимда нафақат ёпиқ тест топшириқлари, балки очиқ тест топшириқлари (очиқ тест топшириқлари — жавоб вариантлари берилмаган, жавобини абитуриентнинг ўзи ёзиши керак бўлган саволлар — таҳр.) ҳам ишлатилади. Тестларнинг мазмуни икки ташкилот — Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълим вазирлиги томонидан назорат қилинади.

Инспекция бошлиғи ўринбосарининг хабар беришича, бу тизимни жорий этиш учун Буюк Британия, АҚШ, Россия давлатларининг тажрибаси, шунингдек, PISA, PIRLS сингари халқаро тестлар ўрганилди. Малакали педагоглар ва методистлардан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди ва улар учун тестология ва баҳолаш назарияси бўйича семинар ташкил қилинди.

Халқ таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Хўжақуловнинг хабар беришича, инспекция ва вазирлик тавсия қилган экспертлар ҳозирги пайтда Давлат тест маркази биносида миллий тизим учун тест топшириқларини шакллантирмоқдалар. Давлат тест маркази эса, ўз навбатида, тестнинг ташкилий масалалари ва хавфсизлигини таъминлаш устида ишламоқда.

Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабовга кўра, Давлат тест маркази сайтида миллий тест тизими учун тестлар спецификациялари эълон қилинган. 3 март куни ДТМ сайтида она тили ва адабиёт ҳамда математика фанларидан тест намуналари таҳлиллари билан эълон қилинади.

Лазиз Хўжақуловнинг таъкидлашича, умумтаълим фанларидан миллий тест тизимида қатнашган абитуриентларда ёзги ОТМларга кириш имтиҳонларида қатнашиш имконияти ҳам сақланиб қолади. Сертификат уч йилга берилади ва абитуриентлар уни кейинги йилларда ҳам ишлатиши мумкин. ОТМларга кириш имтиҳонида абитуриентга тегишли фандан сертификатдаги балларига қараб максимал баллга нисбатан пропорционал баллар берилади.

Матбуот анжумани иштирокчилари «Газета.uz» мухбирининг саволларига жавоб беришди.

«Газета.uz»: Миллий тизимда ишлатиладиган ҳар бир тест варианти апробациядан ўтказиладими? Бу тестларнинг сифати қандай назорат қилинади?

Сардор Ражабов: Ҳозирги кунда ҳар бир фандан биттадан тест варианти ишлаб чиқилган ва апробациядан ўтказилган. Бу вариантлар ҳамда уларнинг таҳлили ДТМ сайтида эълон қилинади. Тестларнинг мазмунига Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълим вазирлиги масъул ва мен ўйлайманки, улар ҳам ҳаммаси апробациядан ўтказилади.

«Газета.uz»: Миллий тизим учун тестлар спецификациясидан кўриниб турибдики, бу тестлар ОТМга кириш тестларидан кўра кўпроқ кўникмаларни қамраб олади ва абитуриентлардан кўпроқ меҳнат талаб қилади. Нима учун бу фанлардан абитуриентларга ОТМларга кириш имтиҳонларида сертификатдаги балларига қараб пропорционал балл берилади? Масалан, чет тилларидан сертификат эгаларига кириш имтиҳонларида максимал балл берилади.

Лазиз Хўжақулов: Агар абитуриент хоҳласа, у ёзги ОТМга кириш имтиҳонларида ҳам қатнаша олади. Иккинчи масала. Мен уйлайманки, бу (пропорционал балл берилиши) тўғри, чунки чет элда ОТМга кираётганда талабни ОТМлар ўзлари қўяди. Масалан, IELTS 6,5 ёки 7 бўлсин дейди. Ўйлаб кўринг, мисол учун мен (миллий тест тизимида) 61 балл олдим ва менга (ОТМга киришда) максималл балл бериляпти, шеригим эса 90 балл олди ва унга ҳам максимал балл бериляпти. Бу ерда иккинчи абитуриент адолатсизлик дейди.

Сардор Ражабов: Умумтаълим фанларидан миллий тест тизими мактаб дастуридан четга чиқмайди. Чет тилидан B2 ва ундан юқори даражадаги сертификат эгаларига ОТМларга кириш имтиҳонларида максимал балл берилади. Давлат таълим стандартига кўра эса мактаб ўқувчилари B1 даража билан битиришади. Шу сабабли ҳам, яъни мактабда берилмаган билими борлиги учун чет тилида максимал балл берилади.

«Газета.uz»: 2018 йилдаги 3775-сонли президент қарорида умумтаълим фанларидан SAT сингари ҳалқаро сертификати бор абитуриентларга ОТМларга кириш имтиҳонларида шу фанлардан максимал балл берилиши белгиланган эди. Шу қарор бўйича қандай ишлар амалга оширилган?

Сардор Ражабов: Бу қарор ижроси бўйича Вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 13 майда 395-сонли қарори чиққан. Бу қарорда бир нечта халқаро сертификатларга максимал балл бериш кўзда тутилган. Мутахассисларнинг фикрича, SAT, GMAT тестлари бизнинг стандартларга тўғри келмайди. Шунинг учун бу тестлар қарорга киритилмаган.

«Газета.uz»: Вазирлар маҳкамасининг 646-сонли қарорида умумтаълим фанларидан миллий тест тизими доирасида тестлар Давлат тест маркази ёки нодавлат ташкилотлари томонидан ўтказилиши мумкинлиги белгиланган. Қарор иловасида эса тестларни Давлат тест маркази ўтказиши кўрсатилган. Бу ерда қарор ва унинг иловаси ўртасида қарама-қаршилик йўқми?

Сардор Ражабов: Ҳозир биринчи тестларни Давлат тест маркази ташкил қилмоқда. Агар тестлар нодавлат ташкилот томонидан ҳам ўтказилиши белгиланса, албатта, у ташкилотга ҳам регистрация учун очилади.

Лазиз Хўжақулов: Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бу даражада тестларни ташкил қила оладиган нодавлат ташкилоти ҳали тузилмаган. Шунинг учун ҳам низомда (қарор иловасида) ўша даврнинг актуаллигидан келиб чиққан ҳолда Давлат тест маркази кўрсатилган. Иккинчи муҳим нарса — ҳеч қайси қарор догма эмас. Вақтнинг талабига қараб қарорга керак бўлса ўзгартириш киритилади.