Самарқанд ва Саратов (Россия) шаҳарлари биродарлашган алоқаларни ўрнатиш тўғрисида келишувни имзолади. Ҳужжатни Самарқанд ҳокими Бобурмирзо Облақулов ва Саратов вилояти губернаторининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Алексей Никитин имзолади, дея хабар берди STV телеканали.

Келишувга кўра, шаҳарлар инвестицияларни жалб қилиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шаҳарларнинг таълим ташкилотлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни қўллаб-қувватлаш каби масалаларда ҳамкорлик қилишади.

Саратов администрацияси сайтида келтирилишича, бугунги кунда Саратов вилоятида 3000 нафардан ортиқ, Саратов шаҳрида эса 1100 нафардан ортиқ ўзбекистонлик истиқомат қилади.

Шунингдек, шаҳарда «Ўзбекистон» ўзбек миллий маданий маркази, «Сўғдиёна» ўзбек маданий маркази ва «Турон» ўзбек миллий маданий маркази каби жамоат ташкилотлари фаолият юритади.