2 март куни Ўзбекистон Олий судида жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Суд мажлисида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирханова ва унинг ўринбосари Носирбек Абдуллаханов иштирок этди.


Шикоятларни ўрганишда «маҳкума аёллар жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзининг ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани эътиборга олинди», дея таъкидланди хабарда.

«Оғир жиноятларни содир этган маҳкума аёллар қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳолда президентимиздан, халқимиздан кечирим сўрадилар», — деб ёзмоқда Сенат матбуот хизмати.

Шу билан бирга, суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда кафолат хатлари инобатга олиниб, 14 нафар аёлнинг тайинланган жазолари енгиллаштирилиб, жазодан озод қилинди ҳамда оиласи, яқинлари бағрига қайтарилди. 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилди.