Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари ҳар бир вилоят ҳокими уй-жойларнинг таннархини пасайтириш масаласида аниқ ҳисоб-китобга эга бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда Daryo нашри хабар бермоқда.

«Энг катта масала — бу уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш. Бугунги нарх-наводан одамларимиз рози эмас ва ҳокимлар бунинг ичига кирмагани ҳам рост. Шунинг учун, вилоят ва туман ҳокимлари бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик учун барча зарур чораларни кўриши керак», — дея қайд этди президент.

Давлат раҳбари «ҳар бир туман, шаҳар ва вилоят ҳокими ўз ҳудудидаги қурилиш ичига кириб, қайси қурилиш материалларини арзонроқ ва яқинроқдан олиш мумкин, цемент ва металл нархини қандай пасайтирса бўлади?», каби саволларга жавоб топиши лозимлигини қўшимча қилган.

«Ҳозирги қурилиш таннархида темирбетон ишлари — 32 фоиз, бўёқ ва безатиш — 28 фоиз, ободонлаштириш — 8 фоиз, электромонтаж ишлари 5 фоизни ташкил этади. Мисол учун, „бетонний узел“ қўйиб, қурилиш учун бетонни арзон ва сифатли таъминлаш, базальт изоляцияси, газобетон блокларини жойларда ишлаб чиқариш орқали таннархни камайтириш бўйича қайси ҳоким бош қотиряпти? Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими икки ҳафта муддатда ўз ҳудудида қурувчилар, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар, банкларни йиғиб, аниқ калькуляцияларни ишлаб чиқиши керак», — деди Шавкат Мирзиеёв.

«Ўзстандарт» агентлигига бир ой муддатда жойларга чиқиб, ҳар бир ҳудудда газобетон ишлаб чиқарувчиларни стандартларга ўргатиб, маҳсулотларини сертификатлаш дастурини амалга ошириш бўйича вазифа юклатилди.

Қолаверса, вилоят ҳокимларига бир ой муддатда уй-жойларни қуриш учун ер участкаларини инфратузилмага туташ ҳудудлардан ажратишга оид топшириқ берилди.