Ҳозирга қадар Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси туфайли вафот этганлар сони 622 кишини ташкил қилмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирилиги.

«Мазкур ўлим ҳолатлари махсус лаборатория ҳамда патологоанатомик текширувларда ҳам тасдиғини топганидан сўнг қайд этилган. Касалликнинг айрим симптомлари мавжуд бўлиб, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмонияга чалинган ёки унга гумон қилинган беморлар умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Республика патологик анатомия маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Ражаббой Исраилов ўлим ҳолатларини қайд этишнинг қоидаларига тўхталган.

«Биринчидан, клиник симптомлар, таҳлил натижалари, яъни ПЗР таҳлили тасдиқлангандан сўнг бемор касаллик натижасида вафот этса, ундан кейинги патологоанатомик текширувда ҳам ушбу ташхис ўз тасдиғини топиши керак. Аксарият ҳолларда эса, патоморфологик текширув натижасида бемор коронавирусдан ўлмаганлигини аниқлаш мумкин. Бундай ҳолатларда ўлим коронавирусдан вафот этганларнинг расмий статистикасига киритилмайди», — дейди у.

Ражаббой Исроилов коронавирус бемори сурункали бошқа ёндош касалликлари оқибатида нобуд бўлиши ҳам мумкинлигини қайд этди. «Бу борада ҳам якуний ҳужжат патологоанатом хулосасига асосан берилади», — деди тиббиёт фанлари доктори.

У 2020 йилда хорижда вафот этган 1629 нафар ўзбекистонликлар ҳам мамлакатнинг 2020 йилдаги ўлимлар статистикасига киритилишини, лекин COVID-19 статистикасига кирмаслигини айтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таянадиган бўлсак, Ўзбекистонда 10 февралдан буён коронавирусдан ўлим қайд этилмаган. Чунки вазирлик касалликдан вафот этганлар сони 622 кишига етганлиги тўғрисида 11 февраль куни бир кун олдинги ҳолат бўйича берган маълумотида хабар берган. Вазирлик томонидан 621 ўлим ҳолати 23 январь куни қайд этилган.

Олдинроқ Ўзбекистонда пандемия ҳукмрон бўлган 2020 йилда 20,2 мингта ортиқча ўлим қайд этилгани ҳақида хабар берган эдик.

«Газета.uz» Давлат статистика қўмитаси томонидан тақдим этилган маълумотларга асосланиб, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабабли ўлганлар сони июль ойида 26,4 фоизга, Тошкент шаҳрида эса 2,6 мартага ошганини ҳисоблаб чиққанди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўлимнинг кўпайиши сабаблари тўғрисида таҳририятнинг сўровига ҳеч қандай жавоб бермаган.

2021 йил январь ойида Соғлиқни сақлаш вазири «Бу сир эмас-ку, агар сиз айтган статистикани кимдир сўраса, маълумот берилади», деган эди.