Фуқаро Ф.А. ноқонуний даромад орттириш мақсадида фуқаро Л.З.ни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Тошкент давлат иқтисодиёт университетига белгиланган маблағ асосида ўқишга киритиб қўйишга ишонтирган. Бу ҳақда Бош прокуратура департаменти хабар бермоқда.

Университетга киритиб қўйиш эвазига 15 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан аввал, Шахризабзда 21 нафар фуқароларни техникумга киритиш учун ҳар биридан 5 минг АҚШ доллари олган шахслар аниқланган эди. Бундан ташқари, улар Қарши давлат университетига ҳам ўқишга киритиш ва Тошкент шаҳридан уй олиб беришни ваъда қилиб яна бир фуқародан 17 минг 500 АҚШ долларини олгани маълум бўлган.