Тошкент шаҳрида ўтган йил давомида 492,8 млрд. сўм маблағ эвазига жами узунлиги 111,6 км бўлган 318 та кўчаларда қурилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилди.

Хусусан, Юнусобод туманидаги Aҳмад Дониш кўчасининг Aмир Темур кўчасидан Тошкент Халқа автомобил йўлигача бўлган 2,2 км қисмини қайта қуриш ишлари якунланланган.

Шунингдек, 2020 йил давомида Фарғона йўли кўчаси бўйича йўл асосини тайёрлаш ишлари — 93%, ирригация тармоқларини қуриш ишлари — 92%, пиёдалар ва велосипед йўлларини қуриш ишлари — 95%, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари — 92%, чорраҳаларда светафор ўрнатиш ишлари — 95% бажарилган.

Яккасарой ва Сергели туманларини боғловчи йўл ўтказгич бўйича ҳозирда Чўпонота кўчаси, Кичик халқа йўли, Тошкент халқа йўли ва Қипчоқ кўчалари оралиғида 3 та йўл ўтказгич ва автомобил йўлини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кун ҳолатига кўра, қурилиш ҳудудида жойлашган ва кўчирилиши талаб этиладиган электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва оқова сув, ташқи муҳандислик тармоқларини қуриш ишлари хамда 6 тасмали 3 та йўл ўтказгич ва автомобил йўлини қуриш ишлари бажарилмоқда. Объектга 550 дан ортиқ ишчи ва мутахассислар ҳамда 150 дан ортиқ қурилиш техникаси жалб қилинган.

Шунингдек, 2020 йилда Тошкент шаҳридаги 277 та кўчаларда 65,5 км (774,8 минг кв.м) йўллар асфалт қопламаси билан таъмирланди. Шундан, 37,8 км (351,8 минг кв.м) марказий кўчалар жорий ва 27,7 км (423,0 минг кв.м) маҳалла ички йўллари таъмирланган.