«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев расман «Бунёдкор» футбол клуби президенти этиб тайинланди. Бу ҳақда «Газета.uz» га клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Меҳриддин Абдуллаев 1969 йил Бухоро вилояти Жондор туманида туғилган. Мутахассислиги — иқтисодчи, ҳуқуқшунос.

Молия вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон миллий банки ва Ҳисоб палатасида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келган.

Йиғилишда клубнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, унинг мусобақаларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш ва бошқа бир қатор ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

«Ўзбекнефтгаз» эндиликда жамоанинг бош ҳомийси бўлади (бундан олдин «Ўзтрансгаз» бўлган).

Клубнинг олдинги президенти Мурод Алиев ўз лавозимини 2019 йилнинг январида тарк этган эди.