Тошкент давлат юридик университетининг 3-босқич талабаси Баҳодир Бозоров бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмди, дея хабар берилди Тошкент давлат юридик университетининг расмий Telegram каналида.

Kun.uz'нинг хабар беришича, Баҳодир Бозоров 27 февраль тунда ҳам ишлаб, ҳам яшаётган қурилиш объекти ҳудудида, лифт учун бетондан тайёрланган, ҳимояланмаган шахтага 2-қаватдан йиқилган. Тез ёрдам келавермагач, яқинлари кўчадан патрул машинасини тўхтатиб, ёрдам сўрашган. Шошилинч ёрдам бўлимида унинг вафот этгани маълум бўлган.

ССВ Тиббий экспертизасига кўра, марҳумнинг бўйин, қорин қўшма тўмтоқ жароҳатлари бўйича олтинчи умуртқа синиши, орқа мияга қон қуйилиши, шунингдек, жигарининг ёрилиб кетиши ва ўткир қон кетиши оқибатида вафот этгани маълум қилинган.