Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистон фуқаролари ҳамда мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғими яшалган кун учун — БҲМнинг 0,4 фоизи ёки 980 сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғим президентнинг 9 февралдаги фармони билан 1 мартдан бошлаб жорий этилмоқда. Мазкур йиғимдан тушган маблағлар ички саёҳатларни рағбатлантиришга қаратилган тарғибот, ташвиқот ва реклама тадбирларига, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.

Ҳукумат қарори билан шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишда имтиёз ва субсидиялардан фойдаланиш тартиби ҳам тасдиқланмоқда.

Янги жорий этилаётган авиақатновларга чипталар — 25 фоиз арзон сотилиб, ушбу чипта туроператорлар орқали харид қилинса яна — 15 фоиз ва умумий — 40 фоиз чегирмалар белгиланди. Туроператорлар орқали харид қилинган темирйўл чипталарига — 15 фоиз, меҳмонхона хизматларига — 10 фоиз қўшимча чегирмалар тақдим этилади.

Мисол учун: «Фарғона водийсидан қадимий Хива шаҳрига саёҳат» турпакетини 5 кишидан иборат бир оила 6,6 млн сўмга (авиа ва меҳмонхона хизмати) харид қилганда туроператорлар томонидан давлат субсидияси ҳисобидан уларга 2 млн сўм чегирма берилади.

Шунингдек, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида:

  • иш берувчининг туристик йўлланмаларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди ҳамда юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолинади;
  • жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари туристик йўлланмаларни сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади.

2020 йилда туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига жорий этилган солиқ имтиёзлари 2021 йил охиригача узайтирилди.

2020 йилнинг ўзида соҳадаги тадбиркорлар:

  • 26 млрд сўмлик ер ва мол-мулк солиқларидан озод қилинди;
  • фойда солиғи 50 фоизга ёки 10 млрд сўмга камайтирилди;
  • ижтимоий тўловлар 12 фоиздан 1 фоизга тушурилди;
  • 241 та тадбиркорнинг 4 мингдан ортиқ ишчи ходимларини сақлаб туриш учун фоизсиз 16,1 млрд сўм ссудалар тақдим қилинди;
  • 120 та жойлаштириш воситаларига ҳар бир меҳмон учун меҳмонхона хизматлари нархининг 10 фоизи миқдорида ёки қарийб 2 млрд сўм қўшимча субсидия берилди;
  • Олинган кредит тўловлари тўхтатиб турилди ва уларнинг фоизларининг бир қисми давлат жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди.

Мазкур имтиёз ва преференциялардан фойдаланган тадбиркорлар ички туризмни шакллантиришда жадал ҳамкорлик қилиши талаб этилади.

Маълумот ўрнида, президентнинг юқорида келтирилган фармони билан март ойидан Фарғона-Урганч-Фарғона рейсига қўшимча тарзда, Термиз-Урганч-Термиз ҳамда Қарши-Урганч-Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон-Хива-Андижон темир йўл қатнови сонини ошириш назарда тутилган. 1 апрелга қадар Термиз-Қарши-Хива, Хива-Урганч-Нукус ва Термиз-Қарши-Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.