Сурхондарё вилоятининг Денов туманида истиқомат қилувчи 1982 йилда туғилган Г. Т. ва унинг кичик укаси Д.Т. собиқ турмуш ўртоғи ҳамда қайнонасини ўлдириш мақсадида қотил ёллади.

Опа-ука жазони ўташ колониясидан қайтган фуқаро Д.га уларни ўлдириб, исботи сифатида видеога тушириши эвазига 3 млн сўм таклиф қилган, дея хабар бермоқда маҳаллий телеканаллардан бири.

«Тўсатдан менга қўнғироқ бўлди. Унда опа-укалар менга яхши иш бор деб таклиф билдиришди. Қизиқиб кўрганимдан кейин эса улар ўз укасининг аёли ва унинг онасини ўлдириш кераклигини айтишди. Ва бунинг эвазига пул ҳам беришини айтишди. Шунда мен ёмон вазиятга тушиб қолдим. Наҳотки, одам „судланган“ деган тамға билан умрини охиригача яшаса. Шунда мен ички ишлар органлари ходимларига маълум қилдим. Менга жиноятни саҳналаштирган ҳолда давом эттиришни таклиф қилишди. Бунга рози бўлдим. Мен уларни ўлдириб, сўнгра видеога олишим керак эди», — деди қотилликка ёлланган шахс.

Бу бўйича Сурхондарё вилояти прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

«Фуқаро Д.Т ва Г. Т.лар собиқ турмуш ўртоғи Т.А. ва унинг онаси Б.А.ларни ўлдирилгани ҳақидаги хабарни эшитганидан сўнг, ваъда қилинган 3 млн сўмдан 2,5 млн сўмини фуқаро Д.га берган вақтида ашёвий далил билан ушланган», — деди вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Алишер Бобомуродов.

Т.А.нинг айтишича, аввалига оила ҳеч қанақа келишмовчиликсиз яхши яшаган. Кейинчалик, қайнопа келиши билан уларнинг тинчлигига дарс кетган.

«Қайнота ва қайнонам мен билан қарши бўлиб қолгани учун ота-онамни уйига келиб яшашга мажбур бўлдим. 13 январь куни МИБга борсам, опаси билан у ерга келган экан. Урушиб, жанжал қилиб, шахсиятимга тегадиган гаплар қилди. „Укам қамалиб кетса, сени ўлдираман“ [қайнопа — таҳр.] деган эди. Энди 7−8 йил яшаб, ҳам қариндошлиги бўлиб турган одамингиздан эртага келиб, сизни ўлдиришини кутмас экансиз. Ички ишлар ходимлари бўлмаганда, ҳозир болаларим, ногирон укам етим бўлиб қолишар эди», — деди Д.Т.нинг собиқ хотини.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов вақтида фуқаро Г. Т. ва Д.Т.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.