26 февраль куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда юқори палата ахборот хизмати.

Унда Олий Мажлис Сенатининг 13-ялпи мажлисини 12 март куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Навбатдаги мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги конституциявий қонуни, қолаверса, «Давлат харидлари тўғрисида"ги, «Экологик аудит тўғрисида"ги, «Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги, «Томорқа хўжалиги тўғрисида"ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунлар кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳисоботи, ички ишлар, ташқи ишлар ва адлия вазирларининг ахборотлари, Сурхондарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган Барқарор инфратузилмани яратиш, умумқамровли ва барқарор саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, қолаверса, давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш тўғрисидаги масалалар ҳам кўрилиши режа қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон махсус иқтисодий зоналарининг рақобатбардошлигини ошириш бўйича қабул қилинаётган чоралар ҳамда никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари муҳокама қилинади.