Америка Қўшма Штатлари Россия томонидан Қрим ярим оролининг аннексия қилинишини ҳеч қачон тан олмайди ва Украина билан бирга «Россиянинг агрессив ҳаракатларига қарши чиқади». АҚШ президенти 26 февраль куни Украинада нишонланадиган Қрим ва Севастополнинг босиб олинишига қаршилик кўрсатиш куни муносабати билан қилган баёнотида шунга тўхталди.

«Шу куни 7 йил олдин Россия Қримга босиб кириб, замонавий давлатлар бир-бири билан муносабат қилишда асос бўлган халқаро ҳуқуқ ва нормаларни, ҳамда қўшни Украинанинг суверенитети ва ҳудудий даҳлсизлигини бузди», — дейилади баёнотда.

«Ушбу можаро бошланганидан бери бўлгани каби, бугун ҳам АҚШ Украина ва унинг иттифоқдошлари ҳамда ҳамкорларини қўллаб-қуваатлашда давом этади. Ушбу нохуш санада биз оддий ҳақиқатни таъкидлаймиз: Қрим — бу Украина», — деди АҚШ президенти.

2014 йил 16 март куни Қримда референдум бўлиб ўтди, расмий натижаларга кўра деярли 96% сайловчилар Россия таркибига кириш учун овоз беришган. 17 март куни Қрим парламенти мустақиллик ҳақида фармон қабул қилиб, Қримни Россия таркибига субъект сифатида қўшиб олиш учун мурожаат қилди.

18 март куни Россия президенти Владимир Путин Қрим Республикасини мустақил давлат сифатида тан олиш ҳақидақарорни имзолади. Шу куннинг ўзида Россия ва Қрим респубикани ва Севастополь шаҳрини Россия Федерацияси таркибига киритиш бўйича келишув имзолашди.

27 март куни БМТ Бош ассамблеяси Украининг ҳудудий яхлитлигини тан оладиган резолюцияни қабул қилди. Унда референдум қонуний кучга эга бўлмаганлиги айтилади.

2017 йилнинг декабрида БМТ Бош ассамблеяси Россиянинг Қрим ва Севастополни «вақтинча оккупация қилгани»ни қоралайдиган ва «аннексиянинг тан олинмаслиги» таъкидланган резолюцияни қабул қилди.