27 февраль куни соат 03:51 да Чилонзор туманида жойлашган «Шовотландия» кафесида ёнғин чиққан ҳақида хабар берган эдик. Воқеа жойига жалб этилган 4 та ёнғин ўчириш бўлинмалари томонидан соат 04:37 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган эди.

Тошкент шаҳар ИИББ хабар беришича, ёнғин «мазкур кафеда ишлаган ва яшаган беш нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган». Кафега ўт қўйилгани маълум қилинди.

Воқеа юзасидан ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Яхёжон Абдулхаков, Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов ва бошқа мутасаддилар умумий овқатланиш жойлари раҳбарлари билан мулоқот қилган. Уларга ўз ишчиларини ижтимоий ҳимоя қилинишига масъул эканлиги, ходимлар нотурар биноларда яшамасликлари учун яшаш жойи билан таъминлаши зарурлиги, қолаверса, ишга ёллашда ходимларни тўлиқ текшириш сўралган.

Фото: ИИВ.

ИИВ хабар беришича, кафега қасддан ўт қўйган шахс «Матиз»да манзилга келиб, бино деворларига шиша идишдаги суюқликни сепиб, сўнг яна бир идишдаги суюқликни бино ичкарисига отган. Аланга чиқишини кузатиб, ёнғин содир бўлгач воқеа жойини яширинча тарк этган.

Ушбу жиноятни муқаддам ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми, 168-моддаси, 3-қисми, 127-моддаси, 3-қисми билан судланган Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи С.Ф. содир этгани аниқланган ва у қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан ЖКнинг 173-моддаси 2-қисми «б,в» бандлари (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.