Президент Шавкат Мирзиёев видеоселекторда онкология соҳасидаги муаммолар ҳавотирга солаётганини маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Мени онкология соҳасидаги муаммолар хавотирга солаяпти. Яқинда янги қарор чиқади. Бу соҳада кўплаб муаммолар йиғилиб қолган. Биз охирги 10−15 йил ичида ушбу соҳа жиловини қўйиб юбордик», — деди давлат раҳбари.

Ўзбекистонда ҳар йили 3,5 мингдан ортиқ аёллар кўкрак бези саратони, 1,5 мингга яқин хотин-қизлар эса аёллар касалликларидан вафот этаётгани айтилди.

Бундан ташқари, президент қишлоқ жойларида, олис ва чекка ҳудудлардаги хотин-қизларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати талаб даражасида эмаслигини таъкидлади.

Мисол учун, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида туғиш ёшидаги аёлларнинг 30 фоизида камқонлик аниқланган. Бундан ташқари, хотин-қизлар ўртасида нафас олиш, ҳазм қилиш аъзолари, юрак-қон томир тизими касалликлари ҳам кўп.

Шу каби, тиббий ёрдамга муҳтожлиги аниқланган 44 минг нафар хотин-қизларни алоҳида назоратга олиб, тиббиёт бригадаларига бириктириш, тор доирадаги шифокорларни жалб қилган ҳолда, уларни даволаш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда жорий йил якунига қадар қарийб 9 миллион аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, жумладан, саратон скринингидан ўтказиш вазифаси қўйилди. Онкологик касалликларни профилактика қилиш мақсадида 323 минг нафар қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланиши айтилди.

Аввалроқ, давлат раҳбари ўтган йили 15 мингга яқин хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганини айтган эди. «Энг ачинарлиси, аёлларни хўрлаш, ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш ҳамда омма олдида „сазойи“ қилиш ҳолатлари оддий ҳолатга айланиб бормоқда», — деди у.

Шунингдек, Ўзбекистонда барча вилоят ҳокимлари маҳаллий бюджет ҳисобидан 100 нафардан муҳтож қизлар ва аёлларнинг ОТМ контракт пулларини тўлаб бериши айтилганди. Президентнинг сўзларига кўра, «қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган» хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизим жорий қилинади.