Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусованинг ҳисоботи муҳокама қилинди, дея хабар берди ЎзА.

«Пандемия Омбудсманнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги фаолиятига ҳам ўзининг таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Бунда, фуқароларнинг шахсий қабули вақтинча тўхтатилган бўлса-да, Омбудсманнинг «ишонч телефони»га ҳамда электрон манзилига келиб тушган мурожаатлар сони олдинги йилларга нисбатан ошди», — деди Феруза Эшматова.

Қатъий карантин талаблари ўрнатилган бўлишига қарамай, Омбудсман ва унинг котибияти жамоатчилик фаоллари билан биргаликда карантин мажмуалари, тиббий муассасалар, Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида мунтазам мониторинг тадбирларини амалга оширгани айтилмоқда.

2020 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 14 минг 975 та мурожаат келиб тушди.

Йил давомида Омбудсман 4486 та мурожаатни кўриб чиқишни ўз назоратига олди, давлат ва жамоат ташкилотларига улар бўйича 4987 та сўров юборди.

«Шу билан бирга, Вакилнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ўтган йилдаги фаолиятига нисбатан ижобий ўзгаришлар қилинган бўлса-да, ҳисобот даврида 176 та мурожаат қонун талабларига мувофиқ белгиланган тартибда аноним деб топилган. Бироқ мазкур мурожаатларда кўтарилган масалаларни Вакил ташаббуси билан кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилмаган», — дейилади хабарда.

Ҳисобот йилида Омбудсманнинг 274 та мурожаатига ўз вақтида вазирлик ва идоралар жавоб бермаган. Мазкур ҳолат юзасидан вазирлик ҳамда ҳокимликларга 3 та тақдимнома 9 та ҳулоса киритилганига қарамай, Олий Мажлис палаталарига бу ҳақида маълумот тақдим этилмаган.

Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишини олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар натижасида қамоқда сақлаш жойларида бир қатор камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммолар аниқланди.

«Баъзи жазони ижро этиш муассасаси ходимлари «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида"ги қонундан тўлиқ хабардор эмас. Муассасалардаги ишлаб чиқариш цехларида тиббий пунктлар ташкил этилмаган ҳамда цехлар, мустақил участкалар, устахоналар ва бошқа иншоотлар биринчи тиббий ёрдам аптечкалари билан тўлиқ таъминланмаган», дейилади Омбудсман ҳисоботида.

Ишлаб чиқаришда меҳнатга жалб қилинган маҳкумлар махсус кийим-бош, пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланмаган.

Бундан ташқари, таъкидланишича, Вакилнинг минтақавий вакиллари «ўз фаолиятини тарғиб қилиш ишларини тўғри йўлга қўймаган».

2020 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига жисмоний ва юридик шахслар, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 85 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 28 таси идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган.

Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг турар жой билан таъминланиши тўғрисидаги 12 та мурожаати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жавобсиз қолдирилган.

Боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мурожаатлар юзасидан 8 маротаба ўзи ва вакили орқали суд процессларида иштирок этди. Шундан 5 та суд қарори бекор қилинган.

Пандемия оқибатида жуда кўплаб муассасалар ёпиқ ҳолатда ўз иш фаолиятларини давом эттирди. Бу каби ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан Қашқадарё, Тошкент, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган муассасаларга 53 та мониторинг ташрифлари уюштирилган.

Ҳисобот давомида мониторингларда аниқланган камчиликлар таҳлил қилиниб, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига 3 та тақдимнома ва 47 та сўров юборилгани ҳамда 12 та қонун лойиҳасига таклифлар берилганини қайд этилди.