Президент 25 февраль куни «Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги қонунни имзолади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йилнинг 10 ноябрь куни, Сенат томонидан эса 2021 йилнинг 5 февралида маъқулланган.

Амалдаги Қонун 2000 йилда қабул қилинган бўлиб, сенаторларнинг фикрича, «ислоҳотлар туфайли сўнгги йилларда аудит бозорида рўй берган ўзгаришлар унинг тўғридан-тўғри амал қилиш сифатларини пасайтириб, самарасиз, бугунги талабларга тўлиқ жавоб бермайдиган» ҳолга келган.

Янги таҳрирдаги қонунга мувофиқ, Молия вазирлиги аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.

Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири бу — аудиторлик фаолиятининг лицензияланадиган фаолият турлари таркибидан чиқарилаётганидир.

Энди аудиторлик фаолияти фақат Аудитнинг халқаро стандартлари асосида амалга оширилади. Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши зарур бўлган ижтимоий аҳамиятга эга ташкилотлар рўйхати ҳам шакллантирилди.

Малака сертификатига эга бўлган шахслар аудитор сифатида фаолият юритиши мумкин. Аудиторлик фаолиятига оид маълумотлар Молия вазирлиги сайтида жойлаштирилади.

Банклар ва бошқа кредит ташкилотларида аудиторлик текшируви ўтказилишида масъул орган саналади.

Қонунга кўра, аудиторлар жамоат бирлашмалари уларнинг малака имтиҳонларини ўтказишда ва тест синовларини тузишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Аудиторлик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

Аудитор ўзи ишлайдиган фақат битта ташкилот муассиси бўла олади.

Молия вазирлиги томонидан Аудиторлик сертификати берилади. Уни олиш учун талабгор олий маълумотли бўлиши ҳамда фаолиятининг охирги 10 йилидан 3 йилида бухгалтерия ва аудит соҳасида ёки ОТМда ишлаган бўлиши керак.

Сертификат учун аризалар 3 иш кунида кўриб чиқилиб, малака имтиҳони топшириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Бундан ташқари, қонун билан аудиторлик ташкилотининг мақоми ҳам белгиланди ва аудиторлик ташкилоти ўзи ҳақидаги маълумотлар реестрга киритилганидан фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлди.

Аудиторлик ташкилотлари аудиторлик текширувлари ва турдош хизматларни кўрсатади.

Мазкур қонун расман эълон қилинган кундан 3 ой ўтиб, кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, янги таҳрирдаги қонун қуйи палатанинг 3 июндаги мажлисида иккинчи ўқишда муҳокама қилинган ва кўплаб бахс-мунозараларга сабаб бўлгани боис қайтариб юборилган эди.