24 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтган видеоселектор йиғилишида сувдан тежаб фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йил суғориш мавсумида сув таъминоти меъёрга нисбатан 25 фоиз кам бўлиши кутилмоқда.

Йиғилишда 430 минг гектарда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали 3 миллиард кубметр сувни иқтисод қилиш мумкинлиги таъкидланди. Бу, ўз навбатида, шундай технология ва ускунларга талабни оширади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, томчилатиб суғориш тизимлари ва қувурлар ишлаб чиқариш учун жорий йил февраль-апрель ойларида 35−40 минг тонна полиэтилен зарур. Шу боис, сув тежовчи технологиялар учун зарур бўлган полиэтилен ва полипропилен учун импорт божи 1 октябргача бекор қилингани айтилди.

Сув хўжалиги вазирлигига 3 мингдан зиёд насосларни таъмирлаш ва янгилаш, насос станцияларида электр энергияси ва сув сарфини «онлайн» мониторинг қилиш тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.


Селекторда аграр соҳада илм-фан ва ахборот технологияларини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Полиз ва сабзавотчиликни ривожлантиришда АҚШ, мева етиштиришда Буюк Британия, дончиликда Австрия, ўсимликлар ҳимояси бўйича Нидерландия, ўсимликлар озиқланиши ва хужайра биологияси бўйича Германия тажрибасини ўрганиш, экспертларни жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ахборот технологияларини ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди ва алоҳида тузилма ташкил этилмоқда. Ушбу тузилмага йил якунига қадар 3 миллион гектар суғориладиган ерлар мониторинги, тупроқ таркиби ва экинлар ҳақидаги маълумотларни мужассам этган ахборот тизимини йўлга қўйиш топширилди. Бу мақсадларга халқаро молия ташкилотларининг 10 миллион доллари йўналтирилади.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида Агрохизматлар марказини ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилишда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш чора-тадбирларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Бу йил 1 июлдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғидан қарздорлиги бўлмаган чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик ва балиқчилик хўжаликларига етиштирган маҳсулоти учун бюджетдан субсидия ажратилиши таъкидланди.

Шунингдек, чорвачилик корхоналарига хомашё ва технологияларни импорт қилишда бир қатор енгилликлар берилади. Балиқ ва парранда етиштиришдаги нобудгарчиликни суғурталаш тартиби ишлаб чиқилади.

Чорвачиликда озуқа-ем масаласи долзарб. Шу боис янги ўзлаштириладиган ерлар чорва комплекслари учун тақсимлаб берилиши, 28 минг гектар лалми ва яйловларда ҳамда 173 минг гектар асосий экиндан бўшаган майдонларда омухта-ем етиштирилиши белгиланди.

Аввалроқ, «Газета.uz» президент қарори билан сув тежовчи технологиядан фойдаланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига субсидиялар берилиши ҳақида ёзган эди.