Жиноят кодексининг янги таҳририда йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларига қарши жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда. Бош прокуратура томонидан кодекснинг янги таҳририга оид қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Лойиҳага кўра, 5 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эҳтиётсизлик сабаб содир бўлган жиноятларни (ҳозирда улар унча оғир бўлмаган жиноятлар қаторига киради) оғир жиноятлар тоифасига киритиш таклиф этилмоқда. Ушбу ўзгариш умумий қабул қилинган қоидаларга асосланган бўлиб, унга кўра жазонинг миқдори жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги даражасига қараб белгиланади.

Шунингдек, инсон ўлими ва бошқа оғир оқибатларни юзага келтирган эҳтиётсизлик орқали содир бўлган жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш назарда тутилмоқда. Ҳозирда инсон ўлимига сабабчи бўлган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ёки транспорт воситасидан фойдаланишга оид жиноятлар унча оғир бўлмаган жиноят сифатида кўриб чиқилмоқда. Бироқ бу адолат принципига мос келмайди, дейилади ҳужжат лойиҳаси изоҳида.

Жиноятларни таснифлаш асосида жазонинг тури ва миқдорини аниқлаш учун қуйидагича жарималарни белгилаш режалаштирилган:

  • БҲМнинг 200 бараваригача (49 млн сўм) — жамоатчиликка катта хавф туғдирмаган жиноятлар учун;
  • БҲМнинг 400 бараваригача (98 млн сўм) — унча оғир бўлмаган жиноятлар учун;
  • БҲМнинг 600 бараваригача (147 млн сўм) — оғир жиноятлар учун.

Ҳозирда жарималар БҲМнинг 5 дан 600 баравари оралиғида белгиланмоқда.

Шу билан бирга, судланувчи белгиланган жариманинг 2/3 қисмини 3 ой ичида тўласа, қолган қисмини тўлашдан озод этилади.

Инсон омилига боғлиқ жумлалар, масалан, «жиддий зиён» ва «жиддий зарар"ларни жиноят қонунчилигидан чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда. Бу тергов ва суд органларининг субъектив фикри асосида қилмишни жиноят сифатида таснифлаш амалиётини рад этишга олиб келади.

Жиноят кодексида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни қайта кўриб чиқиш

Жиноят кодексининг 266-моддасини (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) қуйидаги таҳрирда қабул қилиш таклиф этилмоқда.

Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса — 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш (ҳозирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади);

Шу каби ҳаракат:

  • мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки интеллектуал ва иродавий фаолиятга таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсирида содир этилган бўлса;
  • одамлар ўлимига сабабчи бўлса — 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш (ҳозирда — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шу каби ҳаракат сабаб қуйидагилар юзага келса:

  • мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки интеллектуал ва иродавий фаолиятга таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсирида содир этилган ЙТҲ инсон ўлимига сабабчи бўлса;
  • одамларнинг ўлимига;
  • бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса — 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш (ҳозирда — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).

Жиноят кодексининг 262-моддасини (транспортни таъмирлаш ёки уни фойдаланишга чиқариш қоидаларини бузиш) қуйидаги таҳрирда қабул қилиш таклиф этилмоқда:

Таъмирлаш ишларини бажараётган ёки транспорт воситасининг техник ҳолати ва ундан фойдаланилиши учун масъул бўлган шахснинг темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво, автомобиль ёки бошқа транспорт воситасини, алоқа йўллари, сигнализация, алоқа воситалари ёки бошқа транспорт ускуналарини сифатсиз таъмирлаши, шунингдек, транспорт воситасининг техника ҳолати жиҳатидан бузуқлигини била туриб, уни фойдаланишга чиқаришга рухсат бериши баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса — 1 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади (ҳозирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда (24,5 миллион сўм) жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса —

3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади (ҳозирда — 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш:

  • одамлар ўлимига;
  • бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса — 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ҳозирда — 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).

Жиноят кодексининг 261-моддасини (маст ҳолдаги шахснинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйиш) қуйидаги таҳрирда қабул қилиш таклиф этилмоқда:

Транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул шахснинг маст ҳолатдаги ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахсни темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво, автомобиль транспорти ёки бошқа транспорт воситасини бошқаришига йўл қўйиши баданга оғир шикаст етказилишига ёхуд одам ўлишига сабаб бўлса —

3 йилгача ойлик маошидан ушлаб қолиш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса —

3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилган 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади (ҳозирда — базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда (24,5 миллион сўм) жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).

Лойиҳада бошқа қатор ўзгаришлар ҳам мавжуд бўлиб, муҳокамалар 9 мартга қадар давом этади.