Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 409 та авария ҳолатидаги уйлар бузиб ташланади. Бу ҳақда 25 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида янги ташкил этилган туманнинг ҳокими Ҳаёт Иноғомов маълум қилди.

Бундан ташқари, 1966 йилги зилзиладан сўнг, вақтинча фойдаланиш учун тез фурсатларда қурилган ёғоч уйлар ҳам бузилади. Унинг сўзларига кўра, «туман марказида 149 гектар ҳудудда хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган икки қаватли ёғоч уйлар мавжуд».

Ҳаёт Иноғомовнинг айтишича, мазкур уйларда истиқомат қилувчи аҳолини барча коммуникация ва шароити бор янги уйларга кўчириб ўтказиш бўйича туркиялик мутахассислар билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Ҳозирги вақтда қурилиш учун жойни танлаш жараёни кетмоқда.

«Лойиҳа доирасида жами 409 та авария ҳолатидаги уйлар бузилади. Улардаги 4314 та хонадонда яшаётган мулкдорлар учун туман марказидан янги замонавий уйлар қуриш режалаштирилган», — деди туман ҳокими.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, уйларни бузиш аҳоли янги уйларга кўчириб ўтказилганидан сўнг амалга оширила бошланади.

Шу билан бирга, Ҳаёт Иноғомов туман олдида турган энг муҳим вазифалардан бири бу — пиёдалар ва велосипедлар учун йўлаклар ташкил этиш эканини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун катта маблағ йўналтирилган, ҳозирда тўртта маҳаллада ишлар бошлаб юборилган. 1 сентябрга қадар 30 маҳалланинг барчасини қамраб олиш мақсад қилинган.

Жорий йилда 1,3 трлн сўмлик 41 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. 1500 та жойга эга 4 та мактабгача таълим ташкилоти, 3160 та жойга мўлжалланган 2 та мактаб, 2 та поликлиника, туман тез ёрдам хизмати, 30 маҳалланинг ҳар бирида камида биттадан болалар ва спорт майдончалари қурилиши, қолаверса, аҳоли сайр қилиши учун дам олиш маскани бунёд этилиши кўзда тутилган.

Янгиҳаёт тумани ҳудуди 4419,6 гектарни ташкил этади. Туманда 30 та МФЙ, 41266 та хонадон, 909 та кўп қаватли уйлар, 19 та мактабгача таълим муассасаси, 15 та умумтаълим мактаби, 2 та касб-ҳунар коллежи, 7 та тиббиёт муассасаси ва 2 та маданият маркази объектлари мавжуд.

Жами аҳоли сони — 147 798 нафарни, шундан 82767 нафарни (56 фоизи) аёллар, 22610 нафарни (18−30 ёш) ёшлар ташкил этади. Ишсизлар — 2124 кишидан иборат.

26 февраль куни соат 14:51да аниқлаштирилди: хабарнинг биринчи вариантида 400 дан ортиқ ёғоч уйларнинг бузилиши ҳақида айтилган эди. Аниқлик киритилишча, 409 та авария ҳолатидаги уй назарда тутилган, уларнинг орасида ёҳоч уйлар ҳам бор. Ноаниқлик учун узр сўраймиз.