Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева America Ovozi (VoA)га берган интервьюсида аввалги раҳбарият ва ҳозирги давлат бошқаруви тизими борасида фикр билдирди.

«Аввалги раҳбарлар ва ҳозирги раҳбарлар ўртасида фарқ жуда ҳам катта. Чунки, аввал бир раҳбарнинг оғзига ҳамма қараб турар эди. Шу раҳбар нима деса, қонун ҳам шу эди. Қонунлар ҳам четда қараб туриши мумкин эди, ўша вақтларда», — дея таъкидлади Нарбаева.

У Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат ҳақида гапирар экан, аввалига «кўпчилик раҳбарлар мослаша олмаганини» айтди.

«Ҳозирги раҳбар юритаётган сиёсатга кўп раҳбарлар мослаша олмади. Улар тушуна олмай турди. Давлатимиз раҳбари жуда ҳам кўп эркинликлар бердилар. Ҳар бир тармоқ, вазирлик ва ҳатто пастдаги ҳокимликларга ҳам жуда катта эркинлик ва ваколатлар берди», — дея фикр билдирди Сенат раиси.


Фото: Видеодан лавҳа.

У икки даврни қиёслаш ва вазиятни яхшироқ англаш учун мисол келтирди.

«Олдинги даврда бир ҳудудда ўзининг маблағи бўлмас эди. Давлат бюджетидан берилган маблағ ҳам, ўзидан йиғилган маблағ ҳам тўғридан-тўғри давлат бюджетига ўтказиб юбориларди. Ўша ҳудуд солиқлар ҳисобига йиғилган маблағига ҳам „хўжайин“ бўла олмас эди. Ҳозир эса йиғилган маблағи ўзида қоляпти. Менимча, дунёнинг ҳамма давлатларида ҳам бундай эмас. Давлат раҳбари мана шундай эркинлик бердики, ҳудудлар ўзлари йиғган маблағини ўз ҳудудларининг инфратузилмасига, ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга, янги корхоналар ташкил қилиб, иш ўринлари яратишга бемалол сарфлай оляпти. „Бу мустақиллик эмасми?“, дегингиз келади», — дея таъкидлади Танзила Нарбаева.

Сенат раиси аввал, ҳокимлар «бизга тепадан қанча пул берилар экан», деб кутишганини, ҳозир эса вазият умуман бошқача тус олаётганини қўшимча қилди.

«Ҳозир бирор ҳудудга бориб кўринг, ҳокимлар маблағни қаерга сарфлагини бўйича тийин-тийинигача айтиб беради. Аввал бунақа эмас эди. Аввал улар фақат кутиб ўтиришар эди, „бизга тепадан қанча пул берилар экан“ деб. Бир тийин ҳам берилмас эди», — дейди интервьюда юқори палата раиси.

Шунингдек, суҳбат чоғида пахта йиғим-терими ҳамда мажбурий меҳнат масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

«Пахта йиғим-теримида пахтани етиштиришга ҳам маблағ берилмаган. Ҳаттоки, пахтани йиғиб олишда меҳнат учун ҳам пул берилмас эди. Меҳнат учун пул берилмаганидан кейин, албатта, мажбурий меҳнатга йўл қўйиларди. Шунинг учун ҳам мажбурий меҳнат бўлган. Бюджет ташкилотларида, масалан, тиббиёт, таълим ходимларига „ойлигини олсин-у, лекин меҳнатини пахта даласида қилсин“ дейиларди. Ўқитувчи 4 ойлаб пахта даласида қорайиб меҳнат қиларди», — дея қўшимча қилди сенат раиси Танзила Нарбаева.