Байден Трампнинг айрим тоифадаги чет элликлар учун AҚШга киришини тақиқлаш тўғрисидаги фармонини бекор қилди

AҚШ президенти Жо Байден 24 февраль куни мамлакат собиқ президенти Дональд Трампнинг бир қатор чет эл фуқароларининг AҚШ ҳудудига киришини чеклаш тўғрисидаги фармонини бекор қилди. «Мамлакатга киришнинг 2020 йил 22 апрелдан бошлаб тўхтатилиши (коронавирус авж олиш оқибатларидан иқтисодий тикланиш даврида AҚШ меҳнат бозорига хавф туғдирадиган муҳожирлар учун) <...> AҚШ манфаатларига жавоб бермайди. Аксинча, бу АҚШга зарар келтиради», дейилади матнда. — <...> Тегишли қарорлар бекор қилинади". Трамп 2020 йил 22 апрелда коронавирус инфекцияси тарқалишининг салбий иқтисодий оқибатлари туфайли бир қатор тоифалар учун мамлакатга иммиграцияни 60 кунга тақиқлаш тўғрисида фармонни имзолаган эди. Фармон бир неча бор узайтирилди. — Оқ уй веб-саҳифаси.

Ҳиндистон ва Покистон қарийб 20 йил ичида биринчи марта ўт очишни тўхтатишга келишиб олдилар

Ядро қуролига эга Ҳиндистон ва Покистон қарийб 20 йил ичида биринчи марта ўт очишни тўхтатишга келишиб олдилар. Икки мамлакатнинг ҳарбий қўмондонлари назорат чегарасида (чизиғида) ўқ узишни тўхтатишга ва 25 февралдан бошлаб барча келишувларга қатъий риоя қилишга келишиб олдилар. Назорат чизиғи — бу Кашмирдаги Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги демаркация чизиғидир (аслида давлатлар ўртасидаги чегара). Бундай қадамлар 2003 йилдан бери биринчи марта амалга оширилди. Нашрнинг ёзишича, бу мамлакатлар ўртасидаги зиддиятларни камайтиради. — The Washington Post.

Капитолийни таъмирлаш учун 30 млн доллар керак бўлади

6 январдаги ҳужумидан кейин Капитолийни таъмирлаш учун камида 30 млн доллар керак бўлади. Бу ҳақда Капитолий меъмори Брет Блэнтон маълум қилди. AҚШ Вакиллар палатасининг маблағ ажратиш бўйича қўмитасида бинога етказилган зарар бўйича махсус тингловлар ўтказилди. Блэтон ёзма баёнот юбориб, унда Капитолийни тиклаш учун қўмитанинг 30 млн доллар ажратганини айтди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, харажатлар ўсиши мумкин. Блэтоннинг айтишича, бино ичидаги тартибсизликлар пайтида дераза ва эшиклар синган, қалампир пуркагич ва ўт ўчириш воситаларидан зарарли кимёвий моддалар қадимий ҳайкаллар, деворий расмлар ва суратларга тушган. Меъмор қимматбаҳо санъат асарларини тиклаш учун профессионал тозалаш ва консервация зарурлигини таъкидлади. — Deutsche Welle.

Aвстралияда Google ва Facebook маҳаллий янгиликлар учун пул тўлашади

Aвстралия парламенти 25 февраль куни Google ва Facebook компанияларини ўз платформаларида фойдаланадиган янгиликлар учун медиа компанияларга пул тўлашга мажбур қилиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Қонун лойиҳаси енгиллаштирилган таҳрирда қабул қилинди. Бу шуни англатадики, агар компаниялар Aвстралия ОАВлари билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олмаса, улар пул тўлаши керак бўлади. Қанча пул тўлаш кераклигини ҳукумат ўзи ҳал қилади. Икки томон келишиб олишлари учун (IT компаниялар ва Австралия ОАВлари) икки ой берилади. 17 февраль куни Facebook австралиялик фойдаланувчилар учун янгиликларни блоклаб қўйган эди. Компания 26 февралда Aвстралиядаги янгиликлар саҳифаларини қайта тиклашни режалаштирмоқда. — 9News.

Ҳиндистонда шифокорлар маҳаллий вакцина билан эмланишдан бош тортишмоқда

Ҳиндистондаги тиббиёт ходимлари синовларнинг сўнгги босқичида самарадорлик маълумотисиз тасдиқланган маҳаллий COVAXIN вакцинаси билан коронавирусга қарши эмланишдан бош тортмоқдалар. Ҳиндистонда 10,5 млндан ортиқ шифокор коронавирусга қарши эмланди. Aммо уларнинг атиги 1,2 млни ёки тахминан 11 фоизи маҳаллий вакцинани танладилар. Қолганлари AstraZeneca билан эмланди. «Буларнинг барчаси COVAXIN фақат экспериментал вакцина бўлганлиги ва синовларнинг учинчи босқичидан ўтмаганлиги ҳақидаги дастлабки баҳс-мунозараларнинг натижаси», — деди Махараштра штати ҳукуматининг эмлаш стратегияси бўйича маслаҳатчиси Субараш Салунхе. Шу ойнинг бошида мухолифат назорати остидаги Чхаттисгарх штати федерал ҳукуматга COVAXIN самарали эканлиги тасдиқланмагунча ишлатмаслигини айтди. Эпидемиологлар ва мутахассислар ҳам препаратни шошилинч равишда маъқулланишини танқид қилдилар. Вакцинани ишлаб чиқарувчи Bharat Biotech яқинда 26 минг кўнгилли ўртасида ўтказилган синовлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилишини айтди. — Hindustan Times.