Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, унда Туркманистон пойтахтида «Тошкент» боғини бунёд этиш режалаштирилаётгани баён қилинган.

«Айни вақтда Сизга шуни ҳам маълум қилмоқчиманки, куни кеча Ашхобод марказида Ўзбекистон пойтахти шарафига замонавий „Тошкент“ маданият ва истироҳат боғини лойиҳалаштириш ва қуриш учун тендер эълон қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон компанияларини ушбу тендерда иштирок этишга таклиф қиламан», — дейилади Туркманистон президенти мактубида.

Бундан ташқари, шу кунларда 2020 йилги энг намунали ижтимоий-иқтисодий ва маданий кўрсаткичлар бўйича Туркманистон туманлари ўртасида танлов ўтказилгани маълум қилинган.

«Ушбу танловда Тошҳовуз вилоятининг С.А.Ниёзов тумани ғолиб бўлиб, 1 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофотга сазовор бўлди. Ушбу туман аҳолисининг 99 фоизини ўзбеклар ташкил этишини таъкидлаш менга мамнуният бағишлайди», — дейди туркманбоши.

Қолаверса, мактубда Ўзбекистоннинг 2021 йил 15−16 июль кунлари Тошкент шаҳрида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдид ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини олқишлаши ва тўлиқ қўллаб-қувватлаши қайд этилган. Унда иштирок этиш учун расмий делегация юборилиши айтилган.

Мактуб якунида, «ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлиқ, кўп қиррали давлатчилик фаолиятингизга катта муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилайман», дейилган.

Аввалроқ, 17 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашган эди. Мулоқот чоғида туркманбоши «Тошкент» номли истироҳат боғи қурилиши режа қилинаётганини эълон қилганди.