Сирдарёнинг Сайҳунобод туманида истиқомат қилувчи Элдорбек Жўраев ҳамда Тўлқин Усмонов 15 февраль куни Андижондан Мўйноққа қараб пиёда йўлга чиқишди. Улар кунига 40−45 км масофани босиб ўтмоқда. Бу ҳақда спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳаваскор спортчилар президентнинг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида шундай қарорга келишган.

Пиёда йўлга чиқилганидан 9 куни ўтиб, 24 февраль куни сирдарёликлар Тошкентга етиб келди. Уларга телевидение ходимлари ҳам ҳамроҳлик қилмоқда. Улар билан жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов учрашди.

«Сизларнинг бу матонатингиз ва жасоратингиз таҳсинга лойиқ, — деди Равшан Эрматов. — Футбол ҳакамлари бир ўйинда ўртача 15−18 км масофани босиб ўтишади. Сизлар эса бир кунда ўртача 40−45 км масофани ортда қолдирмоқдасиз. Ишонаманки, Мўйноққача бўлган масофада сизлар жуда кўп юртдошларимизни соғлом турмуш тарзига ошно этасизлар, бу йўлда сизларга куч-қувват тилайман».


Шундан сўнг вазирлик номидан Жўраев ва Усмоновларга эсдалик совғалари топширилди ва уларга оқ йўл тиланди.

«Келгусидаги мақсадларимиз — нафақат Ўзбекистон, балки хорижий мамлакатларни ҳам пиёда босиб ўтиш ва она Ватанимиз байроғини чет элларда ҳам мағрур ҳилпиратиш», — деди Элдорбек Жўраев.

Улар об-ҳаво ўзгаришига қарамасдан ўз мақсадларидан асло чекинмаслигини ҳамда Наврўз умумхалқ байрамини Мўйноқда қорақалпоқ халқи билан кутиб олишга ҳаракат қилишини маълум қилди.