Вазирлар маҳкамаси қарори лойиҳасига мувофиқ Тошкент амалий фанлар университети ташкил этилади. Ушбу ҳужжатга кўра, университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади.

Университетда дарслар ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.

Таълим олиш тўлов-контракт ва юридик шахслар — потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек, ёшларни ўқитиш учун ажратиладиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

Тўлов-контракт миқдори универиситет Муассиси «University of Tashkent for Applied Sciences» МЧЖ томонидан белгиланади.

Дастлабки босқичда «Бизнес ахборот тизимлари», «Бизнес бошкаруви», «Ахборот хавфсизлиги» хамда «Электрон тижорат» бакалавриат таълим йўналишлари бўйича талабалар қабули амалга оширилади.

Университетда таълим кундузги, сиртқи, махсус сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилади.

Университет Тошкент шаҳар Юнусобод туманида ташкил этилади. Таълим фаолияти 2021−2022 ўқув йилидан бошланади.

Ушбу таълим муассасига Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг, жумладан «QS World University Rankings» ва «The Times Higher Education World University Rankings» рейтингидаги дунёнинг 1000 таликка кирувчи Гринвич университети, Марказий Ланкашир университети (Буюк Британия) ҳамда бошқа етакчи хорижий ОТМ таълим дастурларини жорий этиш, уларнинг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини ўқув жараёнига жалб қилиш қўзда тутилган.

Шу билан бирга, ОТМ 2024 йил 1 августгача барча турдаги солиқлар ва Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун керакли жиҳозларни олиб келишда импортбожларидан озод қилинади.