УЕФА Чемпионлар лигаси нимчорак финал учрашувлари давом эттади. Бугун ушбу босқичнинг биринчи ўйинларининг энг сўнгги икки ўйини бўлиб ўтади. Ўйинлар олдидан жамоалар тайёргарлиги, уларнинг нимчорак финалга қандай етиб келганлиги ва ўйинчилар ҳолати ҳақида превьюни тақдим этамиз.

«Боруссия Мёнхенгладбах» — «Манчестер Сити» (Тошкент вақти билан соат 01:00 да)

Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати: Карантин чоралари сабабли, биринчи ўйин нейтрал майдонда, Будапештдаги (Венгрия) «Пушкаш Арена» стадионида бўлиб ўтади. «Боруссия Мёнхенгладбах» Бундеслигадаги сўнгги турни ўз майдонида «Майнц»га қарши ўтказди ва мағлубиятга учради — 1:2. Охирги 4 ўйинда 2 дуранг ва 2 мағлубият қайд этган жамоа ҳозирги вақтда турнир жадвалида 22-турдан сўнг 33 очко билан 8-ўринни банд этиб турибди.

«Манчестер Сити» эса ҳозирги кунда айни кучга тўлган бир даврда. Сабаби, жамоа АПЛда 1-поғонада жойлашиб турибди. Ўзининг энг яқин таъқибчисидан 10 очко олдинлаб кетган. Охирги 4 ўйинда «Арсенал», «Эвертон», «Тоттенхэм», «Ливерпуль» каби жамоаларни мағлубиятга учратди.

Нимчорак финалга қандай етиб келишди?

«Боруссия Мёнхенгладбах» жамоаси гуруҳ босқичида B гуруҳда «Реал Мадрид», «Шахтёр Донецк» ҳамда «Интер» жамоалари билан биргаликда иштирок этди. Кўпчилик турнир бошланишидан аввал плей-оффга «Интер» чиқишини тахмин қилган бўлса-да, «Боруссия Мёнхенгладбах» бу таҳминларни асоссиз қилиб қўйди. Жамоа 6 ўйинда 2 ғалаба, 2 дуранг ва 2 мағлубият билан 8 очко тўплаган ҳолда, 2-ўринни эгаллаб нимчорак финалга чиқди.

Манчестер шаҳрининг жамоаси бўлган «Манчестер Сити» эса C гуруҳида муваффақиятли иштирок этиб, гуруҳда пешқадам бўла олди. 6 ўйинда 5 ғалаба ва 1 дуранг билан 16 очко тўплади.

Ўзаро ўйинлар: Бу жамолар ўзаро 6 бор тўқнаш келишган. Шулардан 4 таси Чемпионлар лигасига тўғри келади. 3 бор «Манчестер Сити», 1 маротаба «Боруссия Мёнхенгладбах» ғалаба қозонган бўлса, яна 2 ўйинда дуранг натижаси қайд этилган.

Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари:

Фамана Кизера, Мамаду Дукуре («Боруссия Мёнхенгладбах»). Серхио Агуэро, Натан Аке («Манчестер Сити»).

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

«Боруссия Мёнхенгладбах» сафида Бундеслигада фаол ҳаракат қилаётган футболчилардан бири бу Ларс Штиндль. У 22 ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 10 бор йўл топа олди. Шунингдек, Штиндль 5 марта голли узатма соҳиби бўлди.

«Шаҳарликлар»нинг бу мавсумдаги энг яхшилари ҳақида гапирадиган бўлсак, бутун бир жамоани кўрсатса арзийди. Бироқ, жамоани олдинга бошлайдиган яна бир футболчи борки, унга алоҳида тўхталиш керак. Илкай Гюндоган ҳақиқий етакчи бўлиб турибди. АПЛда 19 учрашувда майдонга тушиб, 11 гол муаллифига айланди. Бунинг учун эса жами 1467 дақиқа сарфлади.

«Аталанта» — «Реал Мадрид» (Тошкент вақти билан соат 01:00 да)

Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати: «Аталанта» ҳақида гапирилганда беихтиёр футбол мухлислари кўз олдига ўтган мавсумнинг қувноқ ўйини бор жамоа келаверади. Ушбу жамоа бу йил ҳам ёмон натижалар қайд этмаяпти. Айни вақтда жамоа Италия чемпионатининг турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди. Сўнгги икки ўйинда «Наполи»ни 4:2, «Кальяри»ни эса 0:1 ҳисобида мағлуб эта олди.

«Реал Мадрид» Испания чемпионатида бир қоқилиб, бир тўғри юриб кетмоқда. Айни вақтда жамоа Ла Лигада 2-ўринда кетмоқда. Ўзидан олдиндаги «Атлетико Мадрид»дан атиги 3 очко орқада. Клуб Испания чемпионати доирасидаги сўнгги 4 ўйиннинг барчасида ғалабага эришди.

Нимчорак финалга қандай етиб келишди?

«Аталанта» D гуруҳида иштирок этди. У ерда жамоа «Ливерпуль»дан кейин, 2-ўринни эгаллаб нимчорак финалга чиқди. Жамоа ушбу босқичда 11 очко тўплашга муваффақ бўлди.

«Реал Мадрид» эса B гуруҳида яққол пешқадам сифатида плей-оффга йўл олган бўлса-да, гуруҳ ўйинларида анчагина қийналди. 6 ўйиннинг 2 тасида мағлубиятга учраган бўлса, 1 дуранг натижа қайд эта олди. Яна 3 учрашувда ғалаба қозонди ва жами 10 очко билан ушбу босқичга йўл олди.

Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари:

Федерико Вальверде, Марсело, Эден Азар, Алваро Одриосола, Даниел Карвахал, Эдер Милитао, Серхио Рамос, Родриго, Карим Бензема («Реал Мадрид»).

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

Италян клуби сафида Луис Мурьель ҳамда Дуван Сапата ҳақиқий етакчилар. Бу иккисининг Италия А Сериясидаги статистикасига назар ташлайдиган бўлсак жами 23 гол муаллифига айланишган. Яна 9 та голга ассистентлик қилишган.

«Реал Мадрид» ҳужумчиси Карим Бензема сермаҳсуллик тарафлама жамоадошларига қараганда устун. Ла Лигада футболчи 21 ўйинда иштирок этиб, 12 та гол ва 5 та голли узатма муаллифи бўлган. Бунинг учун у 1854 дақиқа вақт сарфлаган.