23 февраль куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабов 2021 йилда бакалавриат таълим йўналишларига киришда қайси фанлардан имтиҳон олиниши тез орада эълон қилинишини маълум қилди.

«Ҳозирда Давлат тест маркази ва тегишли вазирликлар билан биргаликда фанлар мажмуаси ишлаб чиқилган. Марказнинг асосий вазифаси умумлаштириш ҳисобланади. Яъни вазирликлар берадиган таклифларга биноан иш тутади. Бу мутахассислар томонидан ўрганилмоқда ва тез кунда эълон қилинади. Аввалги йил билан солиштирадиган бўлсак, жуда катта фарқ бўлмайди», — дея таъкидлади Ражабов.

Сардор Ражабов (марказда) Фото: АОКА.

Davletovuz Telegram канали муаллифи, журналист Қобил Хидиров ўзининг Twitter`даги саҳифасида: «Биратўла июлда эълон қила қолинглар», — дея муносабат билдирди.

Блогер, ҳуқуқшунос Xushnudbek`нинг ёзишича эса, президентнинг 2019 йил 14 майдаги қарори билан ҳозирча фақат қуйидаги қоидалар маълум:

Mажбурий фанлар блоки (барча учун тушади):

  • Она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили) — 15 та савол, ҳар бири учун 2.1 баллдан;
  • Mатематика — 15 та савол, ҳар бири учун 2.1 баллдан;
  • Ўзбекистон тарихи — 15 та савол, ҳар бири учун 2.1 баллдан.

Жами тўплаш мумкин бўлган балл — 94.5 балл. Она тили ва Ўзбекистон тарихи фанидан 1 дақиқагача, математикадан — 1,5 дақиқагача вақт ажратилади.

Мутахассислик блокидаги фанлар (таълим йўналишига қараб ўзгаради):

  • Биринчи фан — 30 та савол, ҳар бири учун 3.1 баллдан;
  • Иккинчи фан — 30 та савол, ҳар бири учун 3.1 баллдан.

Жами тўплаш мумкин бўлган балл — 186 балл. Асосий блокдаги 2 та фан учун жами 2 соат вақт берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги имтиҳонлар учун фанлар мажмуаси 2019 йилнинг 21 декабрь куни, яъни тест синовларидан 9 ой олдин расман тасдиқланган эди. Ҳозир эса имтиҳонларга 6 ойдан камроқ вақт қолди.