23 февраль куни HyattRegency Tashkent меҳмонхонасида Мисрнинг Solyphar компанияси билан «Таблеткалар, қаттиқ желатинли капсулалар ва дозаланган кукунлар шаклидаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича уч томонлама битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур қўшма лойиҳа Миср Aраб Республикаси президенти Aбдул-Фаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил 4−5 сентябр кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар доирасида амалга оширилади.

Мазкур лойиҳа учун 20 миллион доллар миқдорида сармоя киритилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 500 миллион дона таблетка, 200 миллион дона капсула ва 10 миллион дона сашени ташкил этади. Жами 120 дан ортиқ дори турлари ишлаб чиқарилади. Янги корхона Зарур ишлаб чиқариш амалиёти — GМР талабларига жавоб беради.

Шунингдек, корхона ишга туширилиши муносабати билан 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Янги ва илғор технологияларни жорий этиш орқали маҳаллий мутахассисларни юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга тайёрлашни ташкил этиш режалаштирилган.