23 февраль куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Унда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон президентининг 2019−2020 йилларда Туркия ва Японияга расмий ташрифлари якуни бўйича имзоланган «йўл хариталари»нинг савдо-иқтисодий ва инвестицияга оид қисми ижроси бўйича ахборот берди.

Инвестиция соҳасидаги келишувларга кўра, ушбу давлатлар билан умумий қиймати 5 млрд АҚШ долларидан ортиқ бўлган 89 та лойиҳа имзоланган.

Япония билан ҳамкорлик

Сенат қўмитаси раиси Равшанбек Алимовнинг айтишича, Япония билан имзоланган 40 та инвестиция лойиҳадан 19 тасининг ижроси кечикмоқда.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг раиси Равшанбек Алимов. Фото: Сенат.

«Мамлакат учун муҳим ҳамкор бўлган Япония давлати билан имзоланган «йўл харита»га киритилган инвестиция лойиҳалари умумий қиймати салкам 4,4 млрд АҚШ доллари миқдоридаги 40 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган бўлса, шундан салкам 2,6 млрд долларлик 19 та келишув кечикиб бажарилмоқда», — деди Алимов.

Унинг айтишича, бунда энг катта оқсаш Энергетика ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликларида кузатилмоқда.

Энергетика вазирлигига тегишли умумий қиймати 1,5 млрд долларидан ортиқ «Навоий ИЭСда қуввати 650 МВтга тенг учинчи буғ-газ қурилмасини ўрнатиш» ва «Энергетика сектори салоҳиятини ривожлантириш (2-босқич)» лойиҳалари ҳам белгиланган муддатларда амалга оширилмаётганлиги айтилмоқда.

«Бундан ташқари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги масъул бўлган „Республиканинг 5 та шаҳрида (Бухоро, Нукус, Урганч, Фарғона ва Қувасой) когенерация технологияларини жорий этиш“ лойиҳаси ижросида ҳам шу ҳолатни кузатиш мумкин. Ушбу лойиҳа қиймати 784 млн АҚШ долларини ташкил этади.
Шу билан бирга, Япония бўйича имзоланган инвестиция келишувларида ижроси умуман тўхтаб қолган лойиҳалар ҳам мавжуд. Булар умумий қиймати 109 млн долларга тенг 4 та лойиҳадир», — дейди Сенат қўмитаси раиси.

Бундан ташқари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси ва Ўзбекистон Миллий банкига тегишли қатор лойиҳалар ҳам кечикмоқда.

Туркия билан ҳамкорлик

Ҳисоботда Туркия билан имзоланган умумий қиймати 107 млн АҚШ долларлик 12 инвестиция лойиҳаси ижроси ҳам ўз муддатида бажарилмаётгани айтилди.

«Сурхондарё вилояти ҳокимлиги масъул этиб белгиланган Термиз туманидаги „Органик Лимон“ МЧЖ негизида гидропоника усулидаги лимон етиштиришга ихтисослашган иссиқхона ва Термиз шаҳрида замонавий турар-жой комплексини ташкил этиш лойиҳалари ижросида камчиликлар кузатилмоқда. Ушбу 2 та лойиҳанинг умумий қиймати 79 млн АҚШ долларини ташкил этади», — деди Равшанбек Алимов.

Таҳлилларга кўра, «йўл харитаси»да белгиланган умумий қиймати 223 млн АҚШ долларига тенг 7 та лойиҳа ижроси тўхтатилган. Бунда энг юқори кўрсаткич Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли экани таъкидланди.

«Вазирлик масъул бўлган «Республикада электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий қилиш инвестиция лойиҳаси» хорижий ҳамкорнинг салоҳияти йўқлиги сабабидан амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган. Лойиҳа қиймати 200 млн АҚШ доллари. Бу маблағ «йўл харитаси»га киритилган барча лойиҳалар қийматининг учдан бир қисмини ташкил этади», — деди Сенат қўмитаси раиси.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат геология қўмитасига тегишли бўлган бир қатор лойиҳалар ҳам амалга оширилмаяпти.

Марказда Содиқ Сафоев. Фото: Сенат.

Сенат йиғилишида юқоридаги муаммолар юзага келишига сабаб бўлган омиллар ҳам айтиб ўтилди.

Биринчидан. Тасдиқланган «йўл хариталари»нинг ижросини қатъий назорат қилувчи ягона марказлашган тизим ҳалигача ишламаяпти. ВМ тузилмасида Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекцияси ташкил этилган бўлсада, ушбу тузилма ҳозирги вақтга қадар ўзининг тўлақонли фаолиятини йўлга қўймаган.

Иккинчидан. Пухта ва масъулиятли ёндашувнинг йўқлиги. Олий даражадаги ташрифлар олдидан қисқа муддатда инвестиция лойиҳаларини шошилинч равишда тайёрланиши келгусида уларни истиқболсиз деб топилишига сабаб бўлмоқда.

Учинчидан. Устувор инвестиция лойиҳаларини аниқлаш стратегияси мавжуд эмас. Айрим ҳудудларда жойлаштирилиши мақсадга мувофиқ бўлмаган энергия ва кўп меҳнат талаб қиладиган инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилаётган ҳолатлар мавжуд.

Тўртинчидан. Жойлардаги сенаторлар ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг «йўл хариталари»да белгиланган, ҳудудларга тегишли инвестиция лойиҳалари ижросини назорат қилиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишда ҳиссаси сезилмайди. Ҳудудларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ижроси бўйича ҳокимлик раҳбариятининг халқ депутатлари Кенгашларида ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилмаган.