Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойланган Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра Тошкентда янги «Diplomat university» номли хусусий университет очилиши мумкин.

Университетда иқтисодиёт, ахборот технологиялари, юриспруденция ва халқаро муносабатлар йўналишларида кадрлар тайёрланади.

Университетда ўқиш кредит тизимида, таълимнинг кундузги, онлйн ва кечки шаклларида, ўзбек, инглиз ва бошқа тилларда ташкил этилади.

Шунингдек, «Diplomat university»га «The times higher education» ТОП-1000 рейтингига киритилган чет эл университетларининг Ўзбекистондаги филиалини очиш ҳуқуқи берилади.

Лойиҳада, университет битирувчиларига республикада олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган диплом берилиши айтилган.

Агар ушбу қарор тасдиқланадиган бўлса, фуқаро Дилшод Сайдаменов таъсисчилигидаги «Diplomat university» МЧЖ 2022 йил 1 августга қадар барча турдаги солиқларни тўлашдан озод қилиниши мумкин. Маълумотларга кўра, «Diplomat university» МЧЖнинг устав капитали 100 млн сўм бўлиб, 2020 йил 9 сентябрда ташкил этилган.

«Diplomat university» Миробод тумани, Матбуотчилар, Сайилгоҳ ва Ота Турк кўчалари кесишмасида жойлашиши режалаштирилган.

Блогер Bankiroff эътибор беришича, бу манзилда жойлашган ва бўш бинолар орасида фақат ДХХнинг собиқ марказий биноси жойлашган. Бино президент фармонига асосан сотувга қўйилган эди.

Аввалроқ, Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ биноси хусусий секторга сотилиши ҳақида хабар берган эдик.